13:13 / 11.10.2022
11344

Украинанинг бутун ҳудуди бўйлаб ҳаво тревогаси эълон қилинди

Ҳаво тревогаси бўйича онлайн огоҳлантириш харитасига кўра, бутун Украина бўйлаб ҳаво тревогаси эълон қилинди. 

Фото: Anadolu agency

Қайд этилишича, Россиянинг зарба бериш эҳтимоли жуда юқори. Шунинг учун аҳоли бошпаналарда қолишга чақириляпти.

Днепропетровск областининг Кривой Рог шаҳрида рус қўшинлари 20 та қанотли ракеталарни учирди: 10 таси Каспий денгизи ҳавзасидан, 10 таси - Саратовдан, деб хабар берди шаҳар ҳарбий маъмурияти бошлиғи Александр Вилкул. 

Портлашлар Киев, Хмелницкий ва Ривне областларида, шунингдек, Днепропетровск областининг Кривой Рог шаҳрида қайд этилган. Баъзи ҳолларда гап ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг ишлаши ҳақида кетяпти. 

Кривой Рогда бир кун олдин ракета зарбасидан кейин шахталарда қолиб кетган барча кончилар қутқарилди, деди шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Вилкул. «Тунги соат 2 га келиб, кончиларни кўтариш бўйича қутқарув операцияси якунланди. Барча 854 ишчи ер юзасига олиб чиқилди», деб ёзади у. Унга кўра, шаҳарда электр таъминотини тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозиргача «эски СевГОК» туманининг 4319 абоненти электр таъминотисиз қолмоқда. 

Forbes маълумотларига кўра, 10 октябр куни Россия томонидан ярим кун ичида учирилган ракеталарнинг ўртача умумий қиймати 400-700 миллион долларга етади. Нашрнинг ҳисоб-китобларига кўра, кечқурун Украинага 84 та қанотли ракета ва 24 та дрон учирилган. 

Ҳужумларнинг Х-101, Х-555, «Калибр», «Искандер», С-300 ва «Торнадо-С» ракеталари билан амалга оширилганини қайд этган Forbes, улар нархи нишонга етиб борган ракеталарнинг аксарияти қиммат деган фараз асосида ҳисобланганига эътибор қаратди. Улар - юқори аниқликдаги Х-101 ва тактик масофали ракеталар (С-300, «Торнадо-С»), қолганлари эса ҳаво мудофаасини ортиқча юклаш учун юборилган. 

10 октябрда учирилган барча дронларнинг умумий қиймати бир неча миллион долларни ташкил этади, деб ёзади нашр.

Бундан олдин Украина энергетика объектлари Россия томонидан ракета ҳужумларига учрагани туфайли 11 октябрдан бошлаб электр энергияси экспортини тўхтатаётгани хабар қилинганди. 

Россиянинг ракета зарбалари натижасида деярли бутун Украина бўйлаб электр таъминоти узилиб қолган, 8 та ҳудудда сув таъминотида муаммолар мавжуд. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Денис Шмихал ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top