Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) бўйича сўнгги маълумот 9 октябрь куни юз берди: Қирғизистон ўз ҳудудида ушбу ташкилот тинчликпарвар кучларининг машғулотлари ўтказилишини хоҳламади. 10-14 октябрь кунлари Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида ташкилотнинг «Бузилмас биродарлик – 2022» номли қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари бўлиб ўтиши керак эди, бироқ бу амалиёт ҳеч қандай сабаб кўрсатилмасдан бекор қилинди.

10 октябр куни журналистлар Россия Федерацияси президенти матбуот котиби Дмитрий Песковдан Россия ва Қирғизистон ўртасида қандайдир келишмовчилик бор ёки йўқлиги ҳақида сўраган. Песков уларга «Йўқ» дея жавоб берган.

КХШТга Россия, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон киради. Иссиқкўл вилоятининг Балиқчи шаҳрида бўлиб ўтиши керак бўлган машғулотларда ўт очишни тўхтатиш режимини таъминлаш машқ қилиниши режалаштирилган эди. Аммо афтидан ташкилотнинг ҳамма аъзоси ҳам КХШТнинг ўт очишни тўхтата олиш қобилиятига ишонмайди. Масалан, сентябр ойи охирида Арманистон КХШТнинг Қозоғистонда бўлиб ўтувчи машғулотларида қатнашишдан бош тортди.

«Отмайдиган пистолет»

КХШТнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигидан ташкилотга аъзо давлатлардаги кўпчилик сиёсатчилар норози. Сентябрь ойи ўрталарида Ереванда Арманистоннинг КХШТдан чиқиши ва янги иттифоқчилар билан музокаралар бошлаши талаби қўйилган митинг бўлиб ўтди. Бунга КХШТнинг сентябрда қайта алангаланган Озарбойжон билан тўқнашув зонасига ҳарбий кучлар юбориш ҳақидаги Арманистон сўровига пассив муносабат билдиргани сабаб бўлди. Намойишчиларни парламент спикери Ален Симонян ва Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григонян қўллаб-қувватлади.

Симонян КХШТни «отмайдиган, фақатгина уриш ёки кўрсатиш мумкин бўлган пистолет»га қиёслади.

«Шубҳасиз, биз жуда норозимиз. Умидлар оқланмади. Ва халқ вакили сифатида, халқ билан алоқада бўлган ҳолда, биз уларга КХШТ нима учун қилиши керак бўлган вазифаларини қилмаётганини узоқ вақт тушунтира олмаймиз. Албатта, биз бундан хулоса чиқаришимиз керак, биз буни қиляпмиз ва аллақачон қилиб ҳам бўлдик», — деган Симонян Арманистон жамоат телевидениеси эфирида.

Намойишлар АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Ереванга ташрифи билан бир вақтга тўғри келди. Эртаси куни, 19 сентябрда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Арманистон ва Озарбойжон ташқи ишлар вазирлари билан Нью-Йоркда уч томонлама учрашувлар ўтказиши маълум бўлди.

«Россия энди муҳим иштирокчи бўлмайди»