Сербияда 25 октябр куни парламент учун навбатдан ташқари сайловлар бўлиб ўтди. Унда бир ой олдин истеъфога чиққан, аммо бош вазир лавозимини эгаллашга умид қилган собиқ президент Александр Вучич ҳам иштирок этди.
Вучич сайловда ҳукмрон Сербия тараққиёт партияси етакчиси сифатида қатнашди. Унга «Талабалар рўйхати» қарши чиқди – бу расмий равишда сайловдан бир ой олдин тузилган, аммо амалда 2024 йилги оммавий намойишлар давомида шаклланган ҳамда ягона етакчиси йўқ бўлган ҳаракатдир.
Ушбу ҳаракат 250 нафар номзодини сайлов комиссияси рўйхатидан ўтказган. Шу билан бирга улар орасида талабалар йўқ, лекин олимлар, университет профессорлари, экспертлар ва спортчилар бор. Рўйхатнинг энг юқорисида Нови-Сад университети профессори, кардиолог Илия Срданович қайд этилган.
Ҳаракат вакиллари рўйхат тузиш жараёнини шундай таърифлайди:
Биз билбордларда яхшироқ кўринадиган ёки сайловчилар рўйхатидаги ўрин учун музокаралар олиб боришни биладиган тажрибали одамларни қидирмадик. Биз давлат идораларига келишга, ўз ишини масъулият билан бажаришга ва у ерда нима учун ўтирганини унутмасликка қодир деб ҳисоблаган одамларимизни қидирдик.
«Талабалар рўйхати»нинг сайловолди дастурида 11 та банд ва учта асосий бўлим бор эди. «Сербия ёки мафия» деб номланган биринчи бўлим коррупцияга қарши курашни кучайтириш, иккинчиси таълим тизимини замон талабларига мослаштириш, учинчиси эса ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид эди.
Сербиядаги сайлов участкалари маҳаллий вақт билан 25 октябр куни соат 20:00 да ёпилди. Шундан икки соатга яқин ўтганида Вучич Сербия тараққиёт партияси штабида чиқиш қилиб, сайловлардаги мағлубиятини тан олди.
«Бизда ҳали якуний натижалар йўқ… аммо бу сайловда ютқазганимиз кўриниб турибди. „Талабалар рўйхати“ ғолиб чиқди: уларда тахминан 135-140 мандат бўлади, бизда – 105», – деди Вучич. У парламентга бошқа сиёсий кучлар ўта олмаганини қўшимча қилган.
Вучич мағлубиятини тан олиши ортидан бутун Сербия кўчалари бўйлаб «Талабалар рўйхати»нинг ғалабасини нишонлаш бошланди.




















