Ўзбекистон | 10:00 / 16.10.2022
37666
15 дақиқада ўқилади

Путинга қўйилган талаб, ҳавоси ифлос Тошкент ва ИИББнинг “сохта обрўси” — ҳафта дайжести

Уйдан ҳайдаб чиқарилаётган ижарачилар муаммосини кўтарган талаба ИИБга “профилактик суҳбат”га чақирилди. Агар қонунлар тўғри ишласа, уни суҳбатга чақирганларнинг ўзлари суҳбатга чақирилиши керак – ижод эркинлигига тўсқинлик қилгани, мансаб ваколатидан четга чиққани учун. Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Раҳмон Путиндан СССР пайтидагидек муносабатни бас қилишни талаб қилди

Дайжестимизни ҳафтанинг энг асосий сиёсий воқеаси билан бошласак. Жума куни Остонада бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Россия” форматидаги биринчи саммитда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон кутилмаган чиқиши билан кўпчиликни ҳайрон қолдирди. У ўзининг 8 дақиқа давом этган ҳиссиётли нутқида Россия президенти Владимир Путинни кескин танқид қилди.

Раҳмон айлана столда рўпарасида ўтирган Путинга мурожаат қиларкан, унинг СССРни тиклаш ҳақидаги энг охирги умидларини ҳам буткул кўмиб ташлаган бўлса ажаб эмас. Тожикистон президенти Москванинг Марказий Осиё давлатларини тенг ҳуқуқли шерик деб кўрмаслигини очиқчасига Путиннинг юзига айтди. “Биз ҳар доим асосий стратегик ҳамкоримизнинг манфаатларини ҳурмат қилиб келганмиз. Ўз навбатида, бизни ҳам ҳурмат қилишларини хоҳлаймиз”, деди у.

Раҳмон нутқининг охирида гапнинг пўскалласини айтиб қўя қолди: “Марказий Осиё давлатларига нисбатан собиқ совет иттифоқида бўлгани каби сиёсат бўлмасин”.

Фото: АКИpress

Эътиборлиси, бу янги форматдаги саммит айнан Россия президентининг ташаббуси билан ўтказилган эди. Халқаро майдонда обрўсизланиб, тобора яккаланиб бораётган Путин бу орқали гўёки қалин иттифоқчилари бордек кўрсатишга урингандир эҳтимол, лекин амалда бунинг буткул тескариси бўлиб чиқди. У яқин йилларда ҳали ҳеч қайси халқаро анжуманда бунақанги дашном эшитмаганди. Қисқасини айтганда, Раҳмоннинг чиқиши Россия раҳбарияти учун дипломатик ва геосиёсий фронтдаги катта мағлубият бўлди.

Умуман олганда, Украинага босқиндан кейин ҳозирги Россия раҳбариятининг ўзи нечта иттифоқчиси қолган, деган саволга жавоб шу ҳафта маълум бўлди. Чоршанба куни БМТ Бош ассамблеясида дунёнинг нақ 143 та давлати Украинанинг 4 та ҳудуди Россия томонидан аннексия қилинганини қоралади ва Москвадан бу қарорларини бекор қилишни талаб қилди. Бу ҳақдаги резолюцияга бор-йўғи 5 та давлат қарши чиқди. Россиянинг ўзидан ташқари, Беларус, Сурия, Шимолий Корея ва Никарагуа.

35 та давлат, хусусан Марказий Осиё давлатлари ва Хитой резолюцияга овоз бермади.

Шу ўринда, Марказий Осиё ва Россия мавзусини давом эттириб айтишимиз керакки, охирги пайтларда Кремлга қарши демарш қилаётгандек кўринган иттифоқчи фақат Тожикистон эмас. Қирғизистон ҳам Москва билан муносабатлари илиқ эмаслигини яшириб ўтирмаяпти.

Ўтган ҳафта бу норозилик Қирғизистон Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Чингиз Кустебаевнинг тилидан янграган эди. У қирғиз-тожик чегарасидаги қонли воқеалардан кейин Владимир Путин Имомали Раҳмонга яна орден берганини қоралаганди.

“Қирғизистонга қарши ўтган йили апрел ойидаги ҳарбий тажовуздан кейин ҳам дарҳол Тожикистон президенти тақдирланган эди. Энди эса унга гўёки “минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қўшган ҳиссаси учун” Россиянинг “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени бериляпти”, – деганди Қирғизистон вакили.

Шундан кейин, бу баёнотга мос равишда, Қирғизистон президенти Садир Жапаров Путиннинг 70 ёшли юбилейини нишонлаш учун Санкт-Петербургга бормади. Унинг матбуот котиби буни Жапаровнинг “иш графиги” билан изоҳлаб қўя қолганди.

Пайшанба куни бу уч президент Остонада учрашди. Учрашув бошида Имомали Раҳмон Садир Жапаров билан қўл бериб кўришишни истамади.

Россиядаги ватандошларнинг видеомурожаатлари

Қрим кўпригининг портлатилиши ва Украинадаги Россия қўшинларига янги қўмондон тайинланиши ортидан душанба ва сешанба кунлари Украинанинг кўплаб шаҳарларига бомбалар ёғдирилди. Вазият жиддийлашиши ортидан Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси Украинадаги ватандошларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатни тарк этишга чақирди. Шунингдек, дипломатларимиз вазият изга тушгунга қадар Украинага бормай туришни маслаҳат беряпти.

Афсуски, уруш сабаб Россиянинг айрим ҳудудларидаги ватандошларимизнинг ҳам ҳаёти хавф остида. 11 октябр куни Россиянинг Украинага чегарадош Курск вилоятидаги тиббиёт университетида ўқиётган ўзбекистонлик талабалар видеомурожаат билан чиқиб, президентдан уларнинг ўқишини Ўзбекистонга кўчириб беришни сўради. Сўнгги вақтларда бу ерга ракета зарбалари кўпайган, ҳудуддаги атом электр станциясига ҳам ҳужумлар бўлган.

Видеодан кадр

“Биз ўзимиздан ўзимиз ваҳима кўтараётганимиз йўқ. Қозоғистон Республикаси бу ерда ҳали вазият унча нотинч бўлмай турган пайтда – март ойидаёқ ўз талабаларининг ўқишини Қозоғистонга кўчириб берган эди. Биз эса мана энди, вазият сал хавотирли тус олаётган пайтда мурожаат қиляпмиз”, – деди талабалар.

Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси дипломатлари вазиятни ўрганиш ва муаммога ечим топиш учун Курск вилоятига йўл олган.

Фото: Telegram / Astra

Шу ҳафта Россиядаги ватандошларимиз тарқатган яна бир видео ҳам урушга тааллуқли. Москвада яшовчи Сирож Набиев ҳарбий комиссарликдан чақирув қоғози олганини маълум қилди. Унинг айтишича, ҳеч қачон Россия фуқароси бўлмаган, шунинг учун ҳеч қанақа ҳарбий ҳисобда ҳам турмайди.

“Мен аллақачон Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилдим, улар менга келиб ариза ёзишимни айтишди. Чақирув қоғози бўйича ҳеч қаерга бормаслигим ҳақида ҳам огоҳлантиришди”, – дейди у.

ИИББ қачондан бери цензор бўлиб қолди?

Видео муаллифнинг "Uzglobal TV" номли YouTube-каналидан ўчир(тир)илган.

Россиядаги сафарбарлик нафақат Москвадаги, балки ўзимизнинг Тошкентдаги кўплаб ҳамюртларимизга ҳам бошоғриқ бўлди. Муҳожирлар оқими сабаб пойтахтда ижара нархлари ошди. Ошган нархда тўлашни хоҳламаган ижарачиларни уйдан чиқариб юбориш ҳолатлари кузатиляпти.

Ана шундай ҳолатлардан бири деб кўрилган видео шу пайтгача ҳам оғриқли бўлган ижара мавзусини трендга чиқарди. Видеода бир аёл талаба қизларни уйдан ҳайдаб чиқараётгани, уйни 600 долларга бошқа одамга бермоқчи экани акс этган.

Кейинчалик бу видео Журналистика университети талабаларининг тўқима ижоди экани маълум бўлди. Университет баёнотида айтилишича, Kun.uz'да чиққан “Хавф остида яшаётган ижарачи қизлар” сарлавҳали мақолани ўқиган 1-курс талабалари шундай видео олишга қарор қилишган.

Қизиғи шундаки, курсдошлари билан бирга реал ижтимоий муаммони ўз вақтида очиб бера олган видео муаллифи бунинг учун узр сўрашига тўғри келди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси муаллифни топиб, у билан “профилактик суҳбат” ўтказди ва бу ҳақда ваҳимали репортаж эълон қилди. Репортажда видео муаллифи “сохта обрў орттириш”да айбланган.

ИИББнинг ижод эркинлигига қарши содир этган бу қилмиши ҳақли равишда жамоатчилик танқидига учради. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев буни “шармандалик” деб атаб, ички ишлар тизимига “иши йўқ ит суғорар” деган нақлни эслатди. Университет ректори Шерзодхон Қудратхўжа талабаларини қўллаб-қувватлаб, уларни хафа қилдириб қўймаслигини айтди. “Янги Ўзбекистон – бу эркин Ўзбекистон, ижодкорларга очиқ Ўзбекистон”, дея ички ишлар тизимига мурожаат қилди ректор.

Бу воқеалар фонида бошқа бир ёшлар томонидан айни шу ижара мавзусида ишланган яна бир ролик тарқалди. Шаҳар ИИББ танқидлардан тегишли хулоса чиқариб, бу ролик муаллифларини профилактик суҳбатга чақирмайди деб умид қилиб қоламиз.

Россиядан келувчилар сони 3 баробарга ошган

Тошкентда ижара ажиотажи 21 сентябрда эълон қилинган сафарбарликдан аввалроқ, шаҳарга талабалар келган пайтдан бошланганди. Қочқинлар оқими эса вазиятни жиддийлаштирди. Шундай шароитда ҳукумат талабаларга истисно тариқасида қўшимча ёрдам беришга қарор қилди.

Вазирлар Маҳкамаси баёнига кўра, бошқа ҳудуддан келиб, ётоқхонага жойлашмаган 1-курс талабаларига сентябр ва октябр ойлари учун истисно тариқасида ижара шартномаси бор-йўқлигидан қатъи назар компенсация тўланадиган бўлди. Ноябрдан бошлаб эса, яна аввалги тартибда, яъни фақат ижара шартномаси бор талабаларнинг харажатлари қисман қоплаб берилади. Эслатиб ўтамиз, ойлик компенсация миқдори Тошкент шаҳрида 300 минг сўмгача, вилоятларда эса 150 минг сўмгача деб белгиланган.

Ҳафта давомида ижара бозоридаги нархларни бироз бўлса-да совитишга умид уйғотадиган хабарлар ҳам бўлди. Охирги маълумотларга қараганда, сафарбарликдан қочган россияликлар энг кўп бораётган давлатлардан бири – Қозоғистонда ижара нархлари секин-аста пасая бошлаган. Жума куни эса Россия президенти Владимир Путин сафарбарликни 2 ҳафта ичида якунлашга ваъда берди.

Айнан 21 сентябрдан кейин қанча россиялик Ўзбекистонга келгани бўйича расмий маълумот берилмаяпти. Статистика қўмитаси шу ҳафта очиқлаган рақамларга кўра, сентябр ойида Ўзбекистонга Россиянинг 78 минг фуқароси туристик мақсадда кириб келган. Бу – апрел ойидаги кўрсаткичдан 2,7 баробарга кўп. Халқ таълими вазирлигининг маълум қилишича, 21 сентябрдан 5 октябргача Ўзбекистондаги давлат мактабларига Россия фуқароларининг 30 нафар фарзанди қабул қилинган.

2022 йил бошидан бери сўм долларга нисбатан 2,6 фоиз қадрсизланди. / Инфографика: Марказий банк сайтидаги информердан скриншот

Шу ва бошқа воқеалар фонида доллар курси май ойидан бери биринчи марта яна 11 100 сўмлик психологик нуқтадан ўтди. Йил бошидан бери сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланиши 2,6 фоизни ташкил этди. Умуман олганда, глобал миқёсда беқарорлик рўй берганда кузатиладиган одатий тенденция такрорланяпти: АҚШ долларининг бошқа валюталарга нисбатан қиймати ошяпти. Айни пайтда жаҳон бозорларида доллар 20 йиллик максимум нархларда сотиляпти.

Тошкентдаги заҳарли ҳаво ва тезлик чеклови

Ижара нархларидан ташқари, ҳафта давомида экология ва йўллардаги хавфсизлик муаммолари ҳам актуал бўлиб турди. Гидрометеоролог Эркин Абдулаҳадовнинг ёзишича, 12 октябр куни соат 18:00да Тошкент дунёнинг йирик шаҳарлари орасида ҳавонинг ифлосланиши бўйича 8-ўринга чиқди. Бу вақтда ҳаводаги PM-2,5 дисперс заррачалари меъёрий қийматлардан ошиб кетган.

Афсуски, Тошкент заҳарли ҳавода бўғилиб қолаётган пайтлар борган сари тез-тез учраб турибди. “Ўзгидромет” стационар постлари қайд этган маълумотларга кўра, 2 октябр куни эрталаб ҳам Тошкент ҳавоси бир муддат нафас олиб бўлмайдиган даражада ифлосланган.

Экология ва дарахтлар кесилаётгани мавзусида бонг уриб келаётган жамоатчилик ҳозирча қониқарли бирор натижага эриша олмади. Лекин фаоллар бошқа бир “фронтда” – шаҳарда автоҳалокатларни камайтириш масаласида биринчи ғалабага эришди. Тошкент кичик ҳалқа автомобил йўли ичидаги барча кўчаларда ҳаракатланиш тезлиги 70дан 60 км/соатга тушириладиган бўлди. Шунингдек, қатор кўчаларда тезлик 50 км/соатгача пасайтирилди.

Бу ҳақдаги қарор Тошкент шаҳар кенгашида яна бир овоздан қабул қилинди. Яна деётганимизга сабаб – худди шу кенгаш икки ҳафта олдин бу янгиликка шубҳа билан қараб, уни кўриб чиқишни кечиктиришни ҳам бир овоздан маъқуллаган эди. Ёдингизда бўлса, шундан кейин жамоатчилик фаоллари депутатларни танқид қилиб, шаҳарда тезликни пасайтириш президент топшириғи эканини эслатганди.

Янгилик қачондан кучга кириши аниқ эмас. Кичик ҳалқи йўли ичидаги ҳамма кўчаларда тезлик чеклови 60 км/соатга туширилиши учун Ҳукумат қошидаги махсус комиссиянинг ҳам қарори имзоланиши керак. Қатор кўчаларга “50” белгиларини ўрнатиб чиқиш ишлари эса бошланган.

Маълумот учун, шу йилнинг 8 ойида Тошкентда 775 киши автоҳалокатга учраб ҳалок бўлган. Бу – даҳшатли даражада катта рақам. Ҳалокатларнинг ҳар иккитадан биттасига тезлик оширилиши сабаб бўляпти.

Фуқаролар ташаббусларига – 8 триллион сўм

"Ташаббусли бюджет"да ғолиб чиққан маҳалланинг асфалтланган кўчаси / Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Фуқаролик жамияти учун яна бир яхши янгилик. Кейинги йил “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларига ажратиладиган маблағлар сони 3,5 баробарга ошириладиган бўлди. Бу дегани бюджетнинг 8 триллион сўм пулини қаерга ишлатишни амалдорлар эмас, одамларнинг ўзлари ҳал қилади.

Президент топшириғига асосан, 2023 йилдан бошлаб маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина “Ташаббусли бюджет” орқали, аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилади. Бошқача айтганда, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари “Ташаббус бюджет”га қўшиб юборилади.

Бундан ташқари, бу йил 2-мавсумда ғолиб деб топилган 1418 та лойиҳага қўшимча равишда, ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган лойиҳаларнинг ҳаммаси молиялаштириладиган бўлди. Шунда жами ғолиб ташаббуслар сони 1782 тага етади.

“Ташаббусли бюджет” нима учун муҳим деган саволга жавоб оддий. Сиз шунчаки SMS юбориш орқали бюджет пули қаерга ишлатилишини танлашингиз мумкин. Қолаверса, маҳалла йўлини асфалт қилиш, трансформаторни алмаштириш ёки шунга ўхшаш муаммолар учун ҳокимиятга бориб, ваъдалар амалга ошишини кутиб ўтириш шарт бўлмайди: маҳалла аҳли ўзи ҳамжиҳатликда бунга пул ажратилишига эришиши мумкин.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Видеодан кадр

Қашқадарёлик фермер Ғузор тумани марказидаги банк биноси олдига молларини ҳайдаб келди. Бу орқали у банкдан норозилигини билдирган. Маълум бўлишича, фермер 2 млрд сўм кредит олиб, хориждан зотдор моллар олиб келган, лекин етарлича ер ажратилмагани учун моллари оч қоляпти. Ҳуқуқбузарлиги учун фермер 600 минг сўм жаримага тортилди.

Наманган вилояти ҳокимининг қудасига алоқадор метан-шохобча қурилиши тўхтатилди. Одамларнинг уйига тақаб қурилаётган шохобчанинг расмий эгаси бўлган МЧЖ раҳбари жаримага тортилди. Одамларнинг мурожаатларига қарамай, очиқ-ойдин қонунсизликка кўз юмиб келган ҳокимлик ҳеч қандай изоҳ беролмаяпти.

Uzcard яна хусусийлаштирилди. Компаниядаги давлатнинг 75 фоиз улуши қолган тўрт таъсисчи ўртасида тенг тақсимланди. Улар бунинг учун жами 210 млрд сўм тўлаган. Шаффоф ўтмаган хусусийлаштириш танқидларга сабаб бўлди. Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банки айнан хусусийлаштириш жараёнлари Ўзбекистонда олигархияни вужудга келтиришидан огоҳлантирган.

WizzAir лоукостери БАА пойтахти Абу-Дабидан Самарқандга арзон парвозларни йўлга қўяди. Декабр ойидан бошланадиган рейсларда бир томонга авиачипта нархи агар эртароқ олинса 40 доллардан бошланиши айтиляпти. Агар амалга ошса, бу Ўзбекистонга кириб келган биринчи ҳақиқий лоукостер бўлади.

“Ўзгидромет” бу йилги қиш қанақа бўлиши бўйича прогнозини эълон қилди. Унга кўра, бу йил қишда ёғингарчилик тақчил бўлиши кутиляпти. Шу билан бирга, аномал совуқ кунларда ҳаво –5, –10 гача, шимолда эса –15, –20 гача тушиб кетиши мумкин. Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, олдинда турган қиш мавсумида аввалги йилга қараганда 7 фоизга кўпроқ электр етказиб берилади.

Мавзуга оид