“Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан жойлардаги газ таъминоти филиалларига юборилган топшириқ хатида иссиқхона хўжаликларини табиий газга муқобил бўлган импорт кўмир ёки бошқа турдаги ёқилғи билан таъминлаш, куз-қиш мавсумида табиий газ етказиб берилиши кафолатланмаган улгуржи истеъмолчиларни расман огоҳлантирган ҳолда босқичма-босқич табиий газ етказиб борилишини тўхтатиш ҳақида сўз боради.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг 2022 йил 14 октябрдаги 02-48-125-сонли кўчирма хати. Фото: Kun.uz

Kun.uz’га мурожаат қилган республиканинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатувчи иссиқхоначилар аллақачон огоҳлантириш олишгани, ҳосил ғарқ пишиб турганига қарамай айрим иссиқхоналар аллақачон газдан узиб қўйилганини айтишмоқда.

Иссиқхона хўжаликлари раҳбарларига тақдим этилаётган огоҳлантириш хатида 2022–2023 йилги куз-қиш мавсумида аҳоли, ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз бир маромда табиий газ билан таъминлаш мақсадида тасдиқланган жадвал-режа асосида 3-5 кун ичида табиий газдан муқобил ёқилғига ўтиш кераклиги ҳақида сўз боради. Газ таъминоти корхоналари ушбу огоҳлантириш хати билан иссиқхонани иситиш учун газдан бошқа ёқилғига ўтилганда юзага келиши мумкин бўлган барча салбий оқибатлар учун жавобгарликни зиммасидан соқит қилиб, бунинг учун иссиқхона эгалари жавобгар бўлишини эслатган.

Иссиқхона хўжаликларига тақдим этилаётган огоҳлантириш хати намунаси. Фото: Kun.uz

“3 гектарга экилган помидор кўчатлари ғарқ ҳосилга кирган”

Иссиқхона фаолияти билан шуғулланувчи бир гуруҳ тадбиркорлар биз билан суҳбатда давлатнинг ваъдаларига ишониб катта пул тикиб, қарз ва кредит олиб бу ишни бошлашгани, агар келгусида бу каби муаммолар юзага келишини билишганида иссиқхоначиликнинг яқинига ҳам йўламаган бўлишларини таъкидлашмоқда.

– 2018 йилда иш бошлаганман. 3 гектар майдонда иссиқхона барпо этганман. Ҳали Осиё тараққиёт банкидан олинган кредитни тўлиқ қайтариб улгурмаганмиз. Ҳозирга қадар бир сўм ҳам фойда олганимиз йўқ, топган пулимиз қарзимизни қайтаришга кетмоқда.

Газ учун ҳар ой олдиндан 100 фоиз тўлов қиламиз. Бир ойда 150 миллион сўмлик газ ишлатамиз. Ҳисобимизда кейинги ойнинг ўнинчи санасигача етадиган пулимиз бор. Лекин “Ҳудудгаз Тошкент” корхонаси 3 кун ичида иссиқхонамиз газдан узилиши ҳақида огоҳлантирди. Лекин мен огоҳлантиришни қабул қилишдан бош тортдим.