Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Зиё ва Шифонур кўчалари кесишмасида камера ўрнатилган. Ушбу камера афтидан сфетофорнинг қизил чироғига ўтувчи, йўл чизиқларини қоидаларни бузиб босган ҳайдовчиларни фиксация қилади.

Бизга ҳайдовчи С.Жуманов ушбу чорраҳада 21 сентябр куни содир этилган қоидабузарлик учун белгиланган жарима қўллаш тўғрисидаги қарорни юборди.

Lacetti автомашинасига ҳаракатланиш чоғида йўл чизиқлари талабига риоя этмагани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси 1-қисмига кўра, 150 минг сўм жарима белгиланган.

Фотодан кўриниб турибдики, йўлда қандайдир қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Тўсиқ ва четлаб ўтиш белгилари қўйилган. С.Жуманов бошқарувида бўлган Lacetti автомашинасидан ташқари барча четлаб ўтиш асносида қатнов қисмини бўлиб турувчи қўшсидирға йўл чизиғини босишга мажбур бўлмоқда.

Ўз-ўзидан, бу чорраҳада шу таъмирлаш ишлари якунлангунга қадар камера наздида «қоидани бузган» барча автомобилларнинг ҳайдовчиларига жарима жўнатилган.

«Ушбу жаримани олиб ташлашни сўраб Юнусобод («Гвардейский») ЙҲХБга борсак «Чилонзорга жўнатишди, улар биз ечолмаймиз, суд бўлади, ўша ерда ҳал бўлади», деб овора қилишмоқда. Арзимаган 150 минг сўм учун неча кун қанча вақт кетяпти. Биз қоидаларни бузсак, жаримани тўлаймиз. ЙҲХБ нотўғри жарима белгилаганига жавоб бериши керак эмасми?» — дейди ҳайдовчи.

Бу вазиятда кишини ҳайратлантирувчи, ўрни келса ғазаблантирувчи ҳолат — фақат ҳайдовчиларни жаримага тортиш мумкин бўлган, камера ўрнатилган жойдагина йўлга чизиқ тортиб қўйилгани. Демак, йўлларда ҳаракатланиш учун хавфсизликни таъминлаш учун масъул бўлганлар учун жамики йўллар аниқ-тиниқ чизиқлар билан чизилиши эмас, фақат ҳайдовчиларни жаримага тортиш мумкин бўлган жойлардагина шунақа чизиқлар бўлиши етарли.

Қолаверса, чорраҳадаги йўллардаги ажратувчи чизиқлар ҳам қоидага хилоф чизилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 апрелдаги «Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 172-сонли қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 2-иловасида йўл чизиқлари кўрсатиб ўтилган. Чунончи, икки полосали йўлда қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланаётган транспорт оқимларини ажратиш учун 1.1 ётиқ йўл белгисидан фойдаланиш кераклиги кўрсатиб ўтилган.