09:43 / 26.10.2022
10433

ОАВ: Россия Миколайивдаги сув таъминотида диверсия содир этган

BBC журналистлари сунъий йўлдош тасвирлари ва ижтимоий тармоқлардаги фотосуратларни таҳлил қилиб, Россия Қуролли кучлари ҳарбийлари Миколайивдаги сув таъминотини атайлаб ишдан чиқарган деган хулосага келишди. Мутахассислар буни халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиши, деб ҳисобламоқда.

Фото: AP

Россия ҳарбийлари Украина жанубидаги Миколайивни сув билан таъминлайдиган ягона қувурга атайлаб зарар етказган. Британиянинг BBC корпорацияси журналистлари сунъий йўлдошдан олинган суратлар ва ижтимоий тармоқлардан олинган фотосуратларни таҳлил қилиб, шундай хулосага келишди. Корпорация 25 октябр, сешанба куни суриштирувдан парчаларни эълон қилди.

Манбага кўра, қувурнинг сув юзасига чиққан жойидаги шикастланиши 12 апрель куни содир бўлган, сизиб чиқиш 8 соатга яқин давом этган, 40 миллион литр сув атрофни босиб кетган.

BBC 26 апрель куни Maxar Technologies компаниясидан сунъий йўлдош тасвирларини қўлга киритди, уларда Россия қўшинлари ва камида тўртта танк вайрон қилинган жой яқинида жойлашгани кўрсатилган. Миколайив вилояти давлат маъмурияти раҳбари Виталий Ким журналистларга ҳудуд РФ Қуролли кучлари назорати остида эканлигини тасдиқлади. Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи лавозимини тарк этишга мажбур бўлган Дмитрий Бутрий, ўз навбатида, журналистларга Миколайив маъмурияти қувурни таъмирлаш бўйича Россия томони билан музокаралар олиб борганини айтди, аммо оккупацион кучлар «объектни таъмирлаш гуруҳига рухсат бермади».

Миколайивда BBC томонидан олинган суратлар қувур бошқа жойда кесилганини, сунъий йўлдош маълумотларига кўра, ўша пайтда унга туташ ҳудуд Россия кучлари назорати остида бўлганини кўрсатади.

Британия армиясида артиллериячи сифатида 20 йилдан ортиқ хизмат қилган ва Ироқда БМТ қурол инспектори сифатида уч йил ишлаган Крис Кобб Смит вайронагарчилик тасодифий снаряд зарбаси натижасида содир бўлгани эҳтимолини «жуда паст» деб атади. Бундан ташқари, «қасддан билвосита зарба» содир бўлганлиги «эҳтимоли жуда кам». Мутахассиснинг сўзларига кўра, вайронагарчилик портловчи моддаларни тўғридан тўғри қувур остига ёки унинг устига, энг заиф жойга атайлаб жойлаштириш натижасида содир бўлган. Хавфсизлик бўйича яна бир британиялик эксперт Майкл Уилан ҳам портловчи моддалардан фойдаланиш борасида шундай хулосага келган.

Журналистлар билан суҳбатлашган БМТ экспертининг таъкидлашича, Миколайивдаги сув қувури халқаро гуманитар ҳуқуққа мувофиқ, «тинч аҳолининг омон қолиши учун зарур бўлган объектлар»нинг алоҳида муҳофаза қилинадиган тоифасига киради ва бу унга қарши ҳар қандай саботажни ноқонуний ишга айлантиради.

Россиянинг кенг миқёсли босқинидан кейин содир бўлган гуманитар ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ҳисобот бериш бўйича Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Москва механизми миссияси аъзоси бўлган Женева университети халқаро гуманитар ҳуқуқ профессори Марко Сассоли ҳам шундай фикрга қўшилди. Унга кўра, бу «албатта, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилишидан далолат беради». «Тинч аҳолининг яшаши учун зарур бўлган объектларни йўқ қилиш тақиқланади», — деди у.

Россия Мудофаа вазирлиги журналистларнинг изоҳ бериш сўровига жавоб қайтармади.

Миколайив ҳозирда Украина назоратида. У фронт чизиғига яқин жойлашган ва мунтазам равишда ўққа тутилади. Олти ойдирки, шаҳар аҳолиси мунтазам тоза ичимлик сувисиз қолмоқда. Журналистлар билан суҳбатлашган гувоҳларнинг айтишича, одамлар отишмалар туфайли ичимлик суви учун навбатда туришдан қўрқяпти.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top