12:05 / 26.10.2022
8521

Тошкент вилоятида XI-XII ва VII-VIII асрларга оид иншоот қолдиқлари топилди

Тошкент вилояти Оққўрғон туманида жойлашган Қанқа ёдгорлигида олиб борилган изланишлар натижасида XI-XII ва VII-VIII  асрларга оид маҳобатли иншоот қолдиқлари топилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Дунё

Фанлар академияси Миллий археология маркази Қанқа мажмуаси экспедицияси 2022 йили Тошкент воҳаси энг йирик шаҳарларидан бўлган тарихий Қанқа ёдгорлигида олиб борган археологик изланишлари давомида воҳанинг ўрта асрлар тарихига оид янги маълумотлар кашф этилди.

Жумладан, XI-XII асрлар билан даврлаштирилган узунлиги 12 метр, кенглиги 6,30 м бўлган катта зал топилди. Унинг кириш қисмидаги поли пишиқ ғиштлар билан терилган. Зал ён деворлари қалинлиги 1,30 м кенгликда экани унинг маҳобатли иншоотлигидан далолат беради.

Зал жанубий-ғарбий бурчагида ён деворлари ҳам пишиқ ғишт билан қопланган бўлиб, кучли олов натижасида куйгани бу ерда ёғочдан ишланган пештоқ ҳам мавжуд бўлганини кўрсатади. Ёнғин натижасида пештоқдан қулаб тушган йирик ёғоч қолдиқлари ҳам аниқланиб, улар сақланиб қолганлари синчиклаб ўрганилганда юза қисмлари ўйма нақшлар билан безалгани маълум бўлди.

Қазиш ишлари давомида ўрта аср қатламлари остида илк ўрта асрларга оид бўлган яна бир йирик иншоот қолдиқлари топилди. Иншоот Қанқа ёдгорлиги илк ўрта асрларга тегишли ибодатхона шарқий тарафида жойлашгани ушбу йирик қурилиш қолдиқлари ибодатхона билан бевосита боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида хулосалар чиқаришга имкон беради.

2022 йилга мўлжалланган дала-қазиш тадқиқотлари якунланди. Юқоридаги фикрлар дастлабки тадқиқот натижалари хулосалари бўлиб, тақдим этилган маълумотлар қайта ишлангач, тўлиқ якуний хулосалар берилади, дейилади Фанлар академияси маълумотида.

Top