18:33 / 26.10.2022
21404

Тошкентда ўзига йўл бермаган ҳайдовчини уриб ҳушидан кетказган пиёда 5 йилга қамалди

Ҳодиса 2021 йил 7 июнь куни пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида рўй берган. Онаси билан пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган эркак қизил чироқда ҳаракатланиб келиб, уларни ўтказиб юбормаган ҳайдовчини калтаклаб ҳушидан кетказган.

Фото: iStock

Тошкент шаҳар судлари ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳолат бўйича қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан кўриб чиқилган.

Суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра, калтакланиш оқибатида ҳайдовчида бош мия очиқ жароҳати, оғир даражали бош мия лат ейиши, чап чакка бўлагининг контузион ўчоқлари билан, чап чакка бўлаги ўткир субдурал гематомаси, калла суяги асосига ўтган чап чакка суяги синиши, пневмоцефалия, чап чакка соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши каби тан жароҳатлари аниқланган. Экспертлар томонидан ушбу жароҳатлар ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлар сифатида баҳоланган.

Суд мажлисида пиёда айбига қисман иқрор бўлган. Йигит онаси билан деҳқон бозори қаршисида пиёдалар учун яшил чироқ ёнганида йўлдан кесиб ўтмоқчи бўлгани, шунда светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиб келган машина уларни туртиб юборишига бир баҳя қолганини айтган.

“Пиёдалар ўтиш жойидан яшил чироқда ўтаётганимизда светофорнинг қизил чироғи ёнганига қарамасдан бир машина ҳаракатланиб келиб, бизни туртиб ўтишига озгина қолди. Шунда машинанинг ҳайдовчи тарафидаги ён ойнасини қўлим билан урдим. Ҳайдовчи ва яна бир киши машинадан тушиб: “Нима қиляпсан?” деб бақирди. Уларга: “Яшил ёниб турибди, биз ўтишимиз керак”, деб айтдим.

Ҳайдовчи билан гап талашиб турган вақтимизда орқадан кимдир мени итариб юборди. Зарбадан ерга йиқилдим. Кейинчалик мени итариб юборган шахс ҳайдовчининг укаси эканлигини билдим. Онам у билан тортишиб кетди. Шу пайт ҳайдовчи юзимга урди. Мен ҳам ўзимни ҳимоя қилиши учун унинг юзига бир неча маротаба урдим. Оқибатда у ерга йиқилиб қолди.

Онам иккимиз жабрланувчини йўловчи машинада касалхонага олиб бордик. Унга тиббий ёрдам кўрсатилгач, тез ёрдам автомашинасида бошқа касалхонага олиб кетдик.

Ҳайдовчига оғир тан жароҳати етказиш мақсадим бўлмаган. Ураётган вақтим қўлимда ҳеч қандай қаттиқ жисм йўқ эди. Фақатгина қўлим билан юз қисмига уч маротаба урдим, шунда тан жароҳати олган. Жабрланувчи ҳам юзимга бир мушт туширганди”, дея таъкидлаган айбланувчи.

Жабрланувчининг укаси судда берган кўрсатмасида пиёда йигит акасини уриб йиқитгач, у ҳушидан кетгани ва уч марта операция бўлганини айтган.

“Акам билан иккита автомашинада Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманига дам олиш учун кетаётгандик. Акам “Cobalt” русумли автомашинада олдиндан ҳаракатланиб бораётганди. Мен эса ўзимга тегишли бўлган “Lacetti” русумли автомашинада кетма-кет кетаётгандим.

Бозорнинг қаршисидаги йўлда акам машинасида чорраҳадан ўтаётганда пиёда аёл билан йигит қўли билан автомобилнинг ён ойнасини уриб синдирди. Шу сабабли акам йўл четида тўхтади. Мен эса чорраҳанинг қизил чироғига тўхтаб ортда қолдим. Акам автомашинадан тушиб, йигитдан нима сабабдан бундай қилганини сўради. Кейин жанжаллашиб кетишди.

Мен ҳам уларнинг олдига бордим. Йигитни акамдан нарига итардим, у орқага бир-икки қадам ташлади. Шу вақт йигитнинг онаси менга ташланди. Йигит акамни уриб йиқитди. Акам ҳушини йўқотиб, талваса қилаётганини кўриб унга тез ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилдим.

Акамни ўша ерда турган автомашинага ўтказиб, касалхонага олиб кетдик. У ердан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига юборишди. Ҳозиргача акам уч маротаба операция бўлди. Бу вақт ичида судланувчи томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмади”, дея кўрсатма берган жабрланувчининг қонуний вакили.

Ҳайдовчини калтаклаган йигит суд томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “е” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган ҳамда унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Судланувчи суд залида қамоққа олинган.

Top