26 октябр куни Олий Мажлис Сенати биносида Ўзбекистонда сўз эркинлиги масалалари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Kun.uz мухбири Ўзбекистонда журналист фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгилашни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси 2019 йилда ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани, лекин шундан бери ўтган 3 йил ичида бу лойиҳа йўқолиб қолгани ҳақида сўради.
Савол юзасидан дастлаб Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев изоҳ берди.

“1997 йилда Ўзбекистонда “Журналистик фаолият тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Қонуннинг 14-моддасида журналистнинг материаллари ва зарур техникаларини ғайриқонуний тарзда олиб қўйиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳақорат қилганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилган. Лекин амалиётда уни қайси шаклда жавобгарликка тортиш масаласи очиқ қолган. Шу маънода фикрларингиз тўғри.
Ўзбекистонда бугун ОАВ фаолияти тўлақонли юритилиши борасида сиёсий ирода бор. Буни давлатимиз раҳбари доим таъкидлаб келмоқда. Бугунги кунда шунингдек, кенг жамоатчилик таклифлари билан Конституциямизнинг 67-моддасига шу мазмундаги бандлар киритилмоқда.
Жумладан, ушбу моддада оммавий ахборот воситаларининг ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиши ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилмоқда.
Яъни бу масала конституция даражасида белгиланиши кейинги қадам сифатида жавобгарлик масаласи қонунчиликда ҳам акс этишини билдиради.
Шунингдек, сиз бу масалани кўтараркансиз, бир нарсани айтишим керак, Сенат қонунларни Қонунчилик палатаси тасдиқлагандан кейин қабул қилиб олади”, – деди у.

















