Жаҳон | 18:12 / 27.10.2022
34247
3 дақиқада ўқилади

Манба: «Вагнер» америкаликлар тайёрлаган афғон жангчиларини ёлламоқда 

Афғонистонда ҳокимият тепасига толиблар келганидан сўнг бу жангчилар жазодан қочиб яширинишга мажбур бўлган.

Кобулдаги машғулот базаси. Paula Bronstein / Getty Images

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси Афғонистон армиясининг сараланган махсус жангчиларини ёлламоқда - улар америкалик муҳандислар томонидан ўқитилган ва толиблар ҳокимиятга қайтгач, ишсиз қолишган. Бу ҳақда Foreign Policy собиқ афғон жангчилари орасидаги манбаларга асосланган ҳолда хабар бермоқда.

Нашрнинг қайд этишича, 2021 йил августида, толиблар Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганида, АҚШ афғон махсус топшириқли бўлинмаларининг фақат бир неча юз нафар катта офицерларини эвакуация қилган, сони 20 мингдан 30 мингга қадар бўлган жангчилар эса амалда тақдир измига ташлаб кетилган. Улар қўшни мамлакатлар ҳудудига қочишга ёки яширинишга мажбур бўлишган, чунки толиблар АҚШ ва аввалги ҳукумат билан ҳамкорлик қилган ҳарбийларни таъқиб қилиш ва ўлдиришга киришган.

АҚШ Конгрессида Афғонистондан эвакуация жараёнида йўл қўйилган хатолар муҳокама қилинар экан, америкаликлар томонидан ташлаб кетилган афғон жангчилари «АҚШ хавфсизлигига таҳдид туғдириши мумкинлиги», чунки улар Вашингтон билан душман бўлган мамлакатлар томонидан ёлланиши эҳтимоли борлиги борасида хавотир билдирилганди.

Foreign Policy манбалари баҳоларига кўра, «Вагнер» сафига 10 минггача афғон жангчилари қўшилиши мумкин, чунки аксари толиблар режими билан яхши алоқалар ўрнатган Россия ҳукуматини Афғонистон душмани деб билса ҳам, уларнинг «йўқотадиган нарсаси йўқ».

«Улар Покистон ёки Эронда кунига 3-4 долларга ёки Туркияда кунига 10 долларга ишлашга тайёр. Агар «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ёки яна кимдир бундай одам олдига келса ва 1000 доллар таклиф этса, у яна урушга йўл олишдан бош тортмайди. Агар сиз бир кишини ёлласангиз, у ўзининг эски бўлинмасининг ярмини эргаштириб келиши мумкин», — дейди нашр суҳбатдошларидан бири.

Foreign Policy нашри қайд этишича, афғон хавфсизлик кучлари АҚШ қўшинлари кетгач, бир неча ҳафта ичида мамлакатни толибларга топшириб, ўз лаёқатсизлигини намоён этган бўлса-да, махсус топшириқли бўлинмалар жангчилари доимо яхши профессионаллар ҳисобланади, чунки уларни сараланган бўлинмалар — Американинг SEALs ва Британиянинг SAS гуруҳлари инструкторлари ўқитишган. Foreign Policу манбаларидан бири афғонларнинг Украинадаги жанг майдонида пайдо бўлиши «ўйин қоидаларини ўзгартириши» мумкинлигини тан олган.

«Яхшиси улардан Ғарбдаги иттифоқчилар фойдаланиши керак, улар украинлар томонида жанг қилиши учун. Улар руслар учун жанг қилишни истамайди, руслар — душман. Аммо улар бошқа нима қилсин?» — дейди нашрнинг яна бир суҳбатдоши.

Мавзуга оид