Ўзбекистондаги бир қатор тўлов тизимлари бугун, 1 ноябрдан бошлаб QR-код орқали тўловлар ва бошқа бир нечта хизматларини вақтинча тўхтатиб туришга мажбур бўлди.
Солиқ қўмитасининг барча чекларни фискаллаштириш талаби ва санкциялар таҳдиди ортидан, тўлов тизимлари техник ишларни амалга оширишига тўғри келяпти.
Бу – чакана савдода харидорлар ва сервис хизматлари мижозларига ноқулайлик келтириб чиқаряпти. Фаоллар Солиқ қўмитасининг ҳаракатини танқид қилмоқда. Қўмита кешбэк йиғувчи фуқаролар манфаатини кўзлаб шундай қилганини билдирди.
Айрим тадбиркорлар фақат нақд пулда ишлашга мажбур бўлиб қолди
1 ноябр куни QR-кодли тўловлар тўхтатилгани ҳақида Click, Payme ва Apelsin тўлов тизимлари ҳамда Korzinka, Evos каби савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқлари хабар беришди.
Айни пайтда, қатор интернет-дўконлар ва етказиб бериш хизматлари фақат нақд пул ёки картадан картага пул ўтказмалари орқали ишлашига тўғри келмоқда (юзлаб курьерларнинг ҳаммасини терминал билан таъминлаб чиқиш имконсиз).
Payme баёнотида айтилишича, Давлат солиқ қўмитаси барча тўловларни фискаллаштиришни талаб қиляпти.
“2022 йил 1 ноябрдан Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган онлайн касса машиналари, тўлов ташкилотлари ва фискал маълумотлар оператори ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик схемаси кучга киради ҳамда тасдиқланган ўзаро ҳамкорлик схемасидан четга оғишлар солиқ органлари томонидан санкциялар қўлланишига олиб келади.
Ушбу вазият туфайли бизнинг жамоамиз шошилинч равишда техник ишларни амалга ошириши ва қуйидаги хизматларни вақтинча ўчириб туриши талаб этилади: жойида тўловлар, QR-код орқали тўлов, Payme Go, Telegram-каналлардаги тўлов ва баъзи бошқа тўловлар”, – дейилади тўлов тизими ахборотида.
Payme бу функциялар “имкон қадар тезроқ” ишга туширилишини таъкидлаган ва ноқулайликлар учун узр сўраган.
Маркетплейслар ва тўлов тизимларининг солиқ базаси билан интеграцияси







