Аннексия қилинган Қримдан Давлат думаси депутатлигига сайланган Михаил Шеремет ҳарбий хизматчиларни сифатли тайёрлаш учун Россия армиясидаги мажбурий хизмат муддатини бир йилдан икки йилгача ошириш кераклигини айтди.

«Ҳозирги формат аскарни сифатли тайёрлашни назарда тутмайди. Йил давомида ўргатиш ва тайёрлаш жуда қийин ва муаммоли. Аммо икки йил оптимал вариант», деди депутат.

Шереметнинг сўзларига кўра, Украинада давом этаётган уруш ва кузги чақирув бошланиши фонида қилинган бу таклиф «ўз вақтида айтилган ва зарур чора» бўлиб, «армиянинг жанговар тайёргарлигини ошириш учун имкон қадар тезроқ амалга ошириш керак».

Шеремет ҳарбий хизмат муддатини ошириш ташаббусини биринчи бўлиб кўтараётгани йўқ. Октябр ойи ўрталарида худди шундай таклифни Еврей автоном ҳудуди сенатори Владимир Жабаров берган эди. Унинг фикрига кўра, ҳарбий хизматчиларга мураккаб ҳарбий техника билан ишлашни тезда ўргатиб бўлмайди ва хизмат муддати икки йилга оширилса, Россия армияси икки баравар кўпаяди.

«Эҳтимол [хизмат муддатини ошириш] мантиқан тўғри бўлиши мумкин. Эҳтимол, армияда аскарлар сони етарли бўлса, қисман сафарбарликка эҳтиёж қолмасди. Лекин бу президентнинг вазифаси», деди Жабаров.

Кремлда ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам Россия президенти маъмурияти армиядаги хизмат муддатини икки йилга ошириш масаласини муҳокама қилинмаётгани айтилди. Шереметнинг таклифини изоҳлар экан, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков «ҳамма нарса мудофаа вазирлигининг бу борадаги позициясига боғлиқлиги»ни айтди. Вазирлик бу мавзуга ҳали изоҳ бермади.

Федерация Кенгашида бу ташаббус ҳақидаги фикрлар иккига бўлинди. Парламент юқори палатаси мудофаа қўмитаси раҳбари Виктор Бондарёв Россия армиясининг икки йиллик хизмат муддатига қайтишини қўллаб-қувватлади. У ўз позициясини ҳарбийлар яхши тайёргарликдан ўтиши ва янги қуроллардан фойдаланишни яхшироқ ўрганиши кераклиги билан изоҳлади.

Унинг сўзларига кўра, Федерация Кенгаши тегишли идоралар, жумладан, мудофаа вазирлиги билан маслаҳатлашади. Сенаторнинг фикрича, бу ғоя охир-оқибат қўллаб-қувватланади.

Ўз навбатида, Конституциявий қонунчилик қўмитаси раҳбари Андрей Клишас хизмат муддати оширилиши Россия армиясининг жанговар самарадорлигига ижобий таъсир қилишига шубҳа билдирди. «Замонавий қуроллар профессионал ҳарбийлар ва контрактчи аскарлар сони ошиб боришини талаб қилади», деди у.

Шу билан бирга, Клишас парламентда ҳарбийлар билан маслаҳатлашиш таклифини қўллаб-қувватлаб, якуний қарор мудофаа вазирлигига қолишини таъкидлади. «Қарорни ҳарбий идора қарор қабул қилиши керак ва бу қарорнинг асослари одамларга тушунарли бўлиши керак», деди сенатор.