8 ноябр – бу шунчаки сешанба эмас, Қўшма Штатларда сайловлар ўтадиган кун. 1845 йилда қабул қилинган қонунга кўра ноябр ойининг иккинчи сешанбасида сайловлар ўтказилиши белгиланган.
Америкаликлар бугунги сайловларда Вакиллар палатасини тўлиқ янгилайди, Сенатнинг учдан бир қисми қайта сайланади, шунингдек кўплаб штатларда маҳаллий кенгашлар ва губернаторлик учун сайловлар бўлиб ўтади.
Айни вақтда Конгресснинг икки палатаси ҳам демократлар томонидан назорат қилинмоқда, прогнозларга кўра, сайловдан кейин республикачилар Вакиллар палатасида устунликка эга бўлиши мумкин.

Бу сайловлар натижаси Жо Байденнинг кейинги икки йилликдаги президентлиги ҳамда у олиб борадиган сиёсатга, жумладан Украинада Россия тажовузига қарши курашига таъсир кўрсатиши муқаррар.
Вакиллар палатасидаги 435 нафар аъзонинг барчаси ҳар икки йилда қайта сайланади. Сўнгги икки йилда палатада демократлар кўпчиликни ташкил этишган. Бу одатий ҳолат: янги президент сайланганида кўп ҳолларда унинг партияси Конгресснинг икки палатасини ҳам назорат қилади.
Аммо демократлар конгрессдаги ўз таъсирини сақлаб қолиши имкониятлари юқори эмас - одатга кўра амалдаги президент партияси оралиқ сайловларда мағлуб бўлади. Истисно ҳолат фақат 2002 йилда кузатилган, бу 11 сентябр терактларидан кейинги йил эди, ўшанда кичик Бушнинг машҳурлиги юқори даражада бўлган.
Бундан ташқари, тузилмавий афзаллик бор. Конституцияга кўра, ҳар бир сайлов округида яшовчи сайловчилар сони тахминан тенг бўлиши керак, аммо шу билан бирга ҳар бир штатда камида битта округ бўлиши талаб этилади (аҳоли кам яшовчи штатлар эса бор - масалан, Аляска штатидан фақат бир нафар конгрессмен сайланади). Қолган барчаси штатларга боғлиқ ва штатлардан кўпчилигида бу шуни англатадики, сайлов округлари штат қонун чиқарувчи органида устунликка эга бўлган партия томонидан қисқартирилади (баъзида губернаторнинг вето ҳуқуқи билан).
Бундай амалиёт (унинг алоҳида номи ҳам бор - жерримендеринг) шунга олиб келганки, округларнинг аксарида икки партиядан бири мутлақ имкониятга эга бўлади. Cook Political Report ҳисоботига кўра, демократлар 159 округда, республикачилар эса - 188 тасида ғалаба қозониши кафолатланган. Яна 29 округда демократлар ғалабаси эҳтимоли юқорироқ баҳоланмоқда.
Кўпчилик ўринни сақлаб қолиш учун демократлар яна 30 округда ғалаба қозониши керак бўлади, сўровларга кўра, натижасини олдиндан айтиб бўлмайдиган «беқарор» округлар 35 та ва шундан 10 таси республикачиларга мойил.















