АҚШ армияси штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, генерал Марк Милли Россиянинг Украина ҳудудига кенг кўламли босқини бошланганидан буён томонлар берган йўқотишларга тахминий баҳо берди.

«Гап 100 мингдан ортиқ ҳалок бўлган ва яраланган россиялик ҳарбийлар ҳақида бормоқда. Эҳтимол, Украина томони билан ҳам худди шундай рақамлар. Бу инсоният учун улкан уқубат», деди АҚШ президенти Жо Байденнинг юқори мартабали ҳарбий маслаҳатчиларидан саналган Милли Нью-Йоркдаги Иқтисодий клубдаги чиқиши чоғида.

Шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар чоғида 40 мингга яқин тинч аҳоли вакили қурбон бўлгани айтилган.

Милли томонларни музокараларга чақирган. Унинг сўзларига кўра, айнан ҳозир бунинг учун имконият пайдо бўлди.

«Ҳарбий ғалабага, сўзнинг тўғри маъносида, ҳарбий воситалар билан эришиб бўлмаслиги мумкинлиги ва бошқа методларга ўтиш кераклиги бўйича ўзаро тушуниш юзага келиши керак», деган у.

Милли фронтдаги ҳаракатлар тўхтайдиган ёки совуқ туфайли секинлашадиган қишки даврни музокаралар учун қулай вақт деб атаган.

«Музокаралар ўтказиш имконияти пайдо бўлганда, тинчликка эришиш мумкин бўлганда... фурсатдан фойдаланинг», дея жавоб қайтарган Милли журналист саволига.

Йўқотишлар

Фото: Reuters

Милли йўқотишлар тўғрисидаги бу маълумотларни қандай олганига аниқлик киритмаган. Унинг версияси томонлар берган расмий сонлардан ҳам, бошқа мустақил манбаларнинг ҳисобларидан ҳам сезиларли даражада фарқланади. Умуман, барча версиялар бир-биридан жиддий фарқлидир.

Украина қуролли кучлари Бош штабининг 9 ноябр кунги маълумотига кўра, уруш бошидан буён 77 мингдан ортиқ россиялик ҳарбийлар ҳалок бўлган. Россия мудофаа вазирлиги сўнгги бор йўқотишлар тўғрисида 21 сентябр куни хабар берганди ва 5937 кишининг ўлимини тасдиқлаганди.

Украина томони йўқотишлари ҳақида эса маълумотлар янада камроқ. Август ойи охирида Украина қуролли кучлари бош қўмондони, генерал Валерий Залужний 9 минг атрофида украин ҳарбийси ҳалок бўлганини маълум қилганди. Ёз бошида эса Украина ҳукумати урушда мамлакат қуролли кучларининг 10 мингга яқин ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганини маълум қилганди.