Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида экин пайтида ички ишлар ходимлари фермерларни ички ишлар бўлимларига чақиртирган, бир фермерга 15 сутка қамоқ расмийлаштиришган, ҳолат билан коррупцияга қарши курашиш агентлиги қизиққандан сўнг фермерни қўйиб юборишган.
Мазкур вазият юзасидан Kun.uz Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош ҳуқуқшуноси Чорихон Қодировга юзланди.
“Қизириқ туманидаги мурожаатда номлари кўрсатилган фермерлар ва МЧЖлар Қизириқ тумани ҳокимининг, прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғининг тазйиқи остида ноҳақликка дучор бўлиб турибди.
Ўз.Р. ВМнинг 2021 йил 20 августдаги “Сурхондарё вилоятида замонавий агросаноат кластерларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 534-сонли қарори билан Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида чет эл инвестицияси иштирокида кластери ташкил этилган.
Ҳукуматнинг ушбу қарори 3-бандига асосан Қизириқ туманидаги туман ҳокимлиги захирасига олинган 24,3 минг гектар “SCT CLUSTER” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонасига ижарага бериш ҳақидаги қарор қабул қилинган вақтда тумандаги “Маматқул”, “Парда Туропов”,”Мадина Илҳом қизи”,”Навбўр ёғду”,”Голд Оклог ГРУП”, “Карвон ТСТ”, “Кунчиқиш барака”,”Голд асл чорва”, “Сурхон лочини”, “Истара бободеҳқони” номли фермер хўжаликларининг ер майдонлари қонуний тарзда захирага олинмаган.
Шунинг учун ушбу фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг поймол бўлган қонуний манфаатлари суд қарорлари билан тикланган бўлса-да, бироқ суд қарорлари бажарилмаяпти. Оқибатда шу даврга қадар уларнинг ер участкаларидан фойдаланишига тўсқинлик қилиниб, экинларни жойлаштириш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарорига киритилмаган, уруғлик ғалла берилиши кечиктириб юборилган.
“SCT CLUSTER” МЧЖга 22400 гектар экин ерларини 25 йил муддатга узоқ муддатли ижарага бериш ҳақида шартнома 2021 йил 29 августда имзоланиб, № R-QIZT00571278 сонли рақам билан кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқлари давлат рўйхатидан барвақт ўтказилган.
Бугунги кунда эса туман ҳокимлиги “SCT CLUSTER” МЧЖ билан ушбу фермерлар ўртасида низолар келтириб чиқариб, ўзлари эса, яъни 4 та сектор бирикиб олиб, фермерларни сиқувга олмоқда.
Қайд этилган фермер хўжаликларига Вазирлар Маҳкамасининг департамент бошлиғи Тоҳир Рафиқовнинг одилона амалий ёрдами билан Шўрчи дон корхонасидан уруғлик буғдой олиб берилган.
Фермерлар буғдой экаётган жойига туман ҳокимининг топшириғи билан милиция ходимлари келиб, фермер Олим Туропов мажбуран ички ишлар бўлимига олиб кетилган, унга нисбатан сохта ҳужжатлар билан маъмурий материал қилиб 15 сутка маъмурий жазо олиб бериш учун судга сохта материал тайёрланмоқда. Суддан 15 суткага маъмурий қамоқ ёздириб олиб, буғдой экишини тўхтаттиришга эришмоқчи бўлмоқдалар.














