Ўзбекистон | 15:57 / 23.11.2022
4659
4 дақиқада ўқилади

Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги фаолиятига бағишланган китоб эълон қилинди

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош директори собиқ маслаҳатчиси Кари Тапиоланинг «Пахта далаларида ишончнинг мустаҳкамланиши: Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги фаолияти» номли китоби эълон қилинди.

Кари Тапиола 2010-2019 йилларда ХМТ махсус маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритган ва ўша йилларда бир неча марта Ўзбекистонга келган.

Китобда қайд этилишича, 2016 йилда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси президенти сифатида ҳокимиятга келиши билан мамлакат ўзининг мутлақо янги ривожланиш даврига ўтди. Давлат бошлиғи асосий эътиборни ички ва ташқи сиёсатга, очиқлик сиёсатига ва Марказий Осиё давлатлари, Россия, Хитой ва АҚШ билан дўстона муносабатлар ўрнатишга қаратди. Халқаро ташкилотлар билан, энг аввало БМТ ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари, Жаҳон Банки, ЕТТБ билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратди.

Таъкидланишича, 2017 йил май ойида БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад Ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга биринчи ташрифи халқаро институтлар томонидан республикадаги чуқур ўзгаришларни тан олиниши бошланиши ҳисобланади.

Жаҳон банки ва ХМТ томонидан биргаликда амалга оширилган ишлар, Ўзбекистонда муносиб меҳнатни таъминлаш бўйича ҳамкорликнинг ёрқин намунасига айлангани қайд этилган.

Муаллифнинг фикрича, қатъий сиёсий ирода ва президент Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда болалар ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам беришга эришилди.

Ўзбекистон раҳбарининг 2017 йил сентябр ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи бурилиш нуқтаси бўлди. Унда ХМТ билан ҳамкорликда болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича самарали чоралар кўрилаётгани эълон қилинди.

Китобда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам беришда қўшган ҳиссаси учун шахсан президент Мирзиёев ва унинг жамоасига миннатдорчилик сўзлари келтирилган.

Шунингдек, китобда ҳукумат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ҳамда халқаро институтлар ўртасидаги кўп йиллик музокаралар натижасида эришилган меҳнат соҳасидаги асосий ҳуқуқлар яхшилангани юқори баҳоланади.

Муаллиф 2021 йилда ўтказилган мониторинг натижалари Ўзбекистон пахта теримида мажбурий ва болалар меҳнатидан тизимли фойдаланишга чек қўйганини кўрсатганини таъкидлайди.

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг республикада мажбурий меҳнатга қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича фаолияти алоҳида қайд этиб ўтилади.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани, давлат раҳбарининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши юқори даражадаги сессиясида сўзлаган нутқи, АҚШ Савдо вакилининг ишчилар ҳуқуқларига мувофиқ савдо имтиёзларини олишни чеклаш бўйича ишни ёпиш тўғрисидаги қарори, Ўзбекистонга Европа Иттифоқининг GSP+ бенефициари мақомининг берилиши, пахта бойкотини бекор қилиш каби ижобий халқаро воқеалар ҳам алоҳида таъкидланган.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазиятни яхшилаш чораларини кўриш бўйича иш давом эттирилиши кераклигини таъкидлади.

«Белгиланган мақсадларга эришиш учун олдимизда ҳали кўплаб ишлар бор. Мажбурий меҳнат билан боғлиқ айрим ҳолатларга ҳануз тўқнаш келмоқдамиз, бу бошқа соҳаларда ҳам намоён бўлаётгани маъмурий-буйруқбозлик усулларининг жойлардаги айрим раҳбарлар ва иш берувчилар онгида сақланиб қолаётганлигидан далолат беради. Совет ўтмишининг бундай қолдиқлари, асоратлари билан аёвсиз курашяпмиз.

Бугунги кунда мамлакатимизда ўрта ва кичик бизнес жадал ривожланмоқда, янги иш ўринлари яратиш жараёни давом этяпти. Биз эса уларнинг халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беришини таъминлашимиз керак», деди Танзила Норбоева.

Мавзуга оид