Жаҳон | 07:30 / 24.11.2022
7262
4 дақиқада ўқилади

Европа шаҳарлари генераторларни Украинага ўтказишга тайёрланмоқда

Европарламент Европа шаҳарлари маъмуриятига Украинага турли турдаги бир неча юзлаб электр генераторларини юборишга рухсат берувчи ташаббусни эълон қилди.

тунги Киев / Фото: AFP

Европа шаҳарлари тармоғи Eurocities ва Европа Парламенти Россия ракета ҳужумларидан жиддий зарар кўрган Украинанинг муҳим инфратузилмаси ишини қўллаб-қувватлашга қаратилган «Умид генераторлари» кампаниясини бошлади. Бу ҳақда 23 ноябрь, чоршанба куни Европарламент раҳбари Роберта Мецола ва Eurocities раҳбари, Флоренция мэри Дарио Нарделла матбуот анжумани чоғида маълум қилди.

«Биз ушбу кампанияни бошлашга ва бир неча кун ичида Украина узлуксиз электр таъминотини таъминлаши учун катта миқдордаги электр генераторларини ўтказишга тайёрмиз», деди Дарио Нарделла. Унинг сўзларига кўра, ҳозир «бир неча юз генераторлар, ҳатто саноат ўлчамлари» ҳақида гап кетяпти. Нарделланинг айтишича, келаси ҳафта Венада Eurocities тармоғига кирувчи шаҳарлар мэрларининг йиғилиши бўлиб ўтади ва унда «Умид генераторлари» ташаббусининг аниқроқ тафсилотлари муҳокама қилинади.

Кенг миқёсли уруш бошланганидан бери Россия Украинага қарата 4000 дан ортиқ турли турдаги ракеталарни учирди, мамлакат инфратузилмасининг ярми зарар кўрди, вайрон қилиш даражаси таъмирлаш ишлари тезлигидан ошиб кетди, деди видеоалоқа орқали матбуот анжуманида иштирок этган Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак.

Унинг сўзларига кўра, «Умид генераторлари» акцияси «тарихимиздаги энг оғир қишдан ўтишга ёрдам беради» ва миллионлаб украиналикларнинг уйларига, шунингдек, шифохона ва мактабларга электр, сув ва иссиқликни қайтариш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиради. Унинг таъкидлашича, Украина ҳукумати учун асосий устувор вазифа энергетика тармоғи фаолиятини қайта тиклашдир. «Бизга юқори вольтли трансформаторлар, релелар, аккумуляторлар керак, биз электр энергиясини ҳам ишлаб чиқариш, ҳам узатишни таъминлашимиз керак», - деди Ермак.

«Умид генераторлари» кампанияси доирасида Украинага генераторларни тезкор етказиб беришни таъминлаш мақсадида Европа Иттифоқининг фуқаролик ҳимояси механизми ишга туширилади, деди Роберта Мецола. Унинг сўзларига кўра, ушбу механизм доирасида «Украина учун аллақачон 500 та генератор ажратилган». «Аммо Украинага минглаб ускуналар керак», деди Европарламент раҳбари. Унинг таъкидлашича, «Умид генераторлари» кампанияси Украинага ёрдамнинг янги йўналишини фаоллаштиришга имкон беради, бу эса маҳаллий ҳокимият органларини жалб қилади. Айнан шу ёрдам шакли «бозорда генераторлар етишмаслиги, лекин улар шаҳарлар балансида борлиги» шароитида самарали бўлиши мумкин.

Европа томони аллақачон Украинадан турли турдаги биноларнинг ишлашини таъминлаш учун зарур бўлган генераторлар рўйхатини олди, деди Европарламент раҳбари. Кўплаб Европа шаҳарларининг мэрлари зарур бўлган қурилмаларни Украинага ўтказишга тайёрлигини эълон қилишди, аммо уларни манзилига етказишда ёрдам сўрашди. Мецола яна бир бор таъкидладики, генераторлар мавжуд, улар фойдаланишга тайёр ва «Европа Иттифоқи фуқаролик ҳимояси механизми аллақачон мавжуд бўлганлиги сабабли жуда тез жўнатилиши мумкин».

Мавзуга оид