Жаҳон | 08:21 / 26.11.2022
9293
2 дақиқада ўқилади

Кудрин Путин билан Yandex'нинг бўлиниш схемасини келишиб олди - ОАВ

Алексей Кудрин Yandex компаниясига раҳбарлик қилади ва Россияда қайта рўйхатдан ўтказиладиган компаниянинг 5 фоиз улушини олади. У бу борада Россия президенти Путин билан келишиб олди, деб ёзади The Bell ва Forbes.

Фото: ТАСС

Жума куни кечқурун Россия Ҳисоб палатаси раҳбари Алексей Кудрин Россия президенти Владимир Путин билан Yandex интернет-компаниясининг активларини тақсимлаш схемасини маъқуллади, шунингдек, унинг раҳбариятига ўтиш бўйича келишиб олди, деб хабар беради The Bell ва Forbes Россия 25 ноябрь, жума, аноним манбаларга таяниб.

Уларга кўра, Yandex Нидерландияда рўйхатдан ўтган ҳозирги компания ўрнига Россияда рўйхатдан ўтган янги бош компанияга эга бўлади. Уни Кудрин бошқаради, у бунинг учун 5 фоиз акцияни олади, бу тахминан 300 миллион долларга тўғри келади. Кудрин ва Россияда қолган Yandex менежерлари Россиядаги компанияни назорат қилади ва муҳим қарорларни қабул қилади. Компания асосчиси, Исроилга жўнаб кетган Аркадий Волож Россиядан ташқарида учувчисиз транспорт воситалари ва булутли сервисларни, "Яндекс.Практикум" таълим хизматини ва "Толоки" тасвирни аниқлаш хизматини ривожлантириш учун лицензиялар олади.

The Bell нашрининг ёзишича, Россиянинг Yandex компанияси янги акциядорларга эга бўлади, жумладан Владимир Потанин тузилмалари, Роман Абрамович ва ВТБ компаниянинг эгалари бўлиб қолади. Кудрин Кремлга Yandex чет элга чиқмаслигини, компания раҳбарларига «навбатдаги "Ростех" ёки "Ростелеком"га айланмаслигини» ваъда қилди. Нашрнинг ёзишича, Украинада уруш бошланганидан кейин Yandex асосчиси Кремлда келишувни мувофиқлаштиришда ёрдам сўраб Кудринга мурожаат қилган.

Мавзуга оид