Учрашувни очиб берар экан, альянс бош котиби Йенс Столтенберг НАТО ўз ҳудудининг ҳар бир қаричини босқиндан ҳимоя қилиш учун тайёр туриши ҳақида огоҳлантирди.
У альянс бу можарода иштирок этмаслигини, аммо унинг аъзолари Украинани Россиядан ҳимоялана олиши учун бемисл даражада қўллаб-қувватлашини қайд этди.
«Биз Путин ғалаба қозонишига йўл қўя олмаймиз, акс ҳолда бу бошқа авторитар етакчиларга яшил чироқ ёқиб, уларга ҳарбий куч орқали ўз мақсадларига эришиш мумкинлигини кўрсатади. Бу эса бизнинг дунёни барчамиз учун янада хавфлироқ қилади. Шу туфайли умумий хавфсизлик манфаатларимиз учун Украинани қўллаб-қувватлаймиз», деган Столтенберг.
У Россияни бу урушда шафқатсизликни кучайтиришда айблади ва Европа ҳамда дунёнинг бошқа мамлакатларига юкланган молиявий оғирлик ҳақида эслатиб ўтди.
«Аслида, биз барчамиз Россиянинг Украинадаги уруши учун тўлов қиламиз, аммо биз буни пулда тўласак, Украина қон билан тўламоқда», деган НАТО бош котиби.
Ҳарбий ёрдам
Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба урушдаги ғалаба учун НАТО давлатлари қурол ишлаб чиқариш ҳажмини зудлик билан ошириши даркорлигини маълум қилди.
Politico нашрига берган интервюсида у қурол ишлаб чиқаришга инвестиция киритмасдан узоқ муддатли урушда жанг майдонида ғалаба қозониб бўлмаслигини айтади: «Биз бугунги кундаги жангларда курашар эканмиз, эртанги жангда қандай курашишимиз ҳақида ҳам ўйлашимиз керак».
Кулебанинг сўзларига кўра, сиёсий сабабларга кўра Украинага урушда ёрдам бериши мумкин бўлган қуролларини бўлишишни истамайдиган давлатлар билан музокаралар олиб бориш учун ойларни сарфлаш керак эмас.
«Уларга умид қилиб, уларни ишонтириш учун бир неча ой сарфлаш ўрнига, омборларида нимадир бор бўлган, лекин буни бўлишишни истамайдиган учинчи давлатларнинг инжиқликларига қарам бўлиб қолмаслик учун ишлаб чиқаришни йўлга қўйишимиз керак», деди Кулеба.
У шунингдек, Украинага ҳаммасидан ҳам кўра ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, танклар ва ишлаб чиқариш линиялари зарур эканини таъкидлади.
Саммит давомида иштирокчилар ҳарбий ёрдам ҳажмини оширишни, жумладан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ўқ-дорилар, ёнилғи, дори-дармон ва қишки жиҳозлар етказиб беришни кўпайтиришни муҳокама қилиши кутилмоқда.



















