13:41 / 30.11.2022
5306

Россия Федерациялар кенгаши Кудринни Ҳисоб палатаси раҳбари лавозимидан озод қилди

Алексей Кудриннинг ўзи Владимир Путинга Ҳисоб палатаси раҳбари лавозимидан истеъфога чиқиш тўғрисида ариза берди. Энди Россиянинг собиқ бош аудитори, ОАВ хабарларига кўра, «Яндекс»да ишлашга ўтмоқда.

Фото: ТАСС

Федерациялар кенгаши сенаторлари 30 ноябрь, чоршанба куни Алексей Кудринни унинг илтимосига биноан Россия Ҳисоб палатаси раиси лавозимидан муддатидан олдин озод этиш учун овоз беришди. Бир кун аввал Алексей Кудриннинг ўзи ҳам лавозимини тарк этишини маълум қилган эди. «Энди мен кенг маънода хусусий ташаббусларни ривожлантириш билан боғлиқ бўлган, лекин айни пайтда одамларга сезиларли таъсир кўрсатадиган йирик лойиҳаларга эътибор қаратмоқчиман», — деб ёзди у Telegram-каналида. 

Кудрин Россия президенти Владимир Путинга тегишли ариза топширганини қўшимча қилди. Айни вақтда, Федерациялар кенгашига Путиннинг Кудринни Ҳисоб палатаси раиси лавозимидан озод этиш таклифи келиб тушди, деб маълум қилди РИА «Новости» агентлигига Россия парламенти юқори палатаси бюджет ва молия бозори қўмитаси раҳбари Анатолий Артамонов. 

Алексей Кудрин 2018 йилнинг май ойидан буён Ҳисоб палатасини бошқариб келмоқда. «Яндекс» асосчиларидан бири Аркадий Волож Кудринга «Яндекс»га ўтиши ҳамда Россия ва халқаро бизнесни ажратишда ёрдам бериши эвазига компаниянинг расмий 5 фоиз акцияларини таклиф қилган, дейди Forbes суҳбатдошлари ва «Агентлик» интернет нашри. 

25 ноябрь куни ОАВ аноним манбаларга таяниб, Кудрин Россия президенти Владимир Путин билан Yandex интернет компанияси активларини бўлиш схемасини маъқуллагани, шунингдек, унинг раҳбариятига ўтишга келишиб олгани ҳақида хабар берди. 

Top