Спорт | 14:57 / 01.12.2022
32552
22 дақиқада ўқилади

Полша қўрқоқларча ҳимояланиб плей-оффга чиқди, Мексикада драма

Қатардаги жаҳон чемпионатининг ўн биринчи кунидаги асосий воқеалар, голлар ва гуруҳлардаги якуний вазият.

Фото: MATTHIAS HANGST/GETTY IMAGES

Месси пеналтидан гол уролмади, аммо Аргентина гуруҳда биринчи бўлди. Поляклар саудияликларнинг голини нишонлади ва плей-оффда қатнашадиган бўлди. Энди Аргентина Австралия билан, Полша — Францияга қарши ўйнайди.

ЖЧ-2022. С гуруҳи. 3-тур
Полша — Аргентина 0:2
Голлар:
Макаллистер (49), Альварес (67). 
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Месси (39).
Полша – Шченсни, Кэш, Глик, Кивер, Берешиньски (Енжейчик, 72), Зелиньски, Франковски (Камински, 46), Криховяк (Пионтек, 83), Белик (Шимански, 62), Левандовски, Свидерски (Скурас, 46).
Аргентина – Мартинес, Молина, Отаменди, Ромеро, Акуня (Таляфико, 59), Де Пауль, Макаллистер (Алмада, 84), Фернандес (Песселя, 79), Ди Мария (Паредес, 59), Месси, Альварес (Мартинес, 79).
Огоҳлантиришлар: Акуня (49), Криховяк (78).

Аргентина биринчи турда ишончни оқламаган ва кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилганди. Ҳар қандай жамоа рақиб имкон берган даражада ўйнаши ҳақидаги оқловчи назарияни эса Бразилия мисоли инкор этади. Бразилияга ҳам асосий эътиборни рақиб ўйинини бузишга қаратган жамоалар қарши чиқди, аммо пентакампеонлар серблар билан ўйинда ҳам, швейцарларга қарши ҳам тўла куч билан ўйнамаган ҳолда натижага эришди. Аргентинани эса Мексика қарши ўйинда Мессининг узоқ масофадан йўллаган доҳиёна зарбаси ҳалокатдан қутқариб қолди.

Айтиш керакки, Лео ўша ўйиндан кейин жамоадаги муаммолар ҳақида гапиришдан тортинмади. У жамоага натижа учун жавобгарлик юқорилиги халал бераётгани ва биринчи бўлим давомида бўш ҳудудларга эга бўлмаганини айтди. Сардорнинг сўзларида оптимизм бўлса ҳам, у тан олди: Жанубий Америка чемпионлари доим ҳам ўзининг энг яхши ўйинини намойиш эта олмаяпти.

Бош мураббий Лионел Скалони эса Мексикага қарши ўйиндаги бошланғич таркибни яна ўзгартирди. Бу сафар ҳам Дибала захирада қолди, у тактик сабабларга кўра ўйнамаяпти. Лекин таркибга Молина, Ромеро, Фернандес ва болалигида Месси ва Ди Мария билан суратга тушишдан хурсанд бўлган, энди эса улар билан жаҳон чемпионатида бир жамоада тўп тепаётган Альварес қўшилди.

Биринчи турдан кейин таркибда беш ўзгариш қилинганди, иккинчи турда бошланғич таркибда ўйнаганлардан тўрт нафари учинчи тур ўйинига туширилмади — мураббий оптимал таркибни аниқлаш учун изланишда давом этмоқда. Қолаверса, ҳатто Саудияга қарши ўйинда очиқ футбол намойиш этмаган ва биринчи навбатда ўз дарвозаси дахлсизлигини ўйлаган прагматик Полшани қандайдир йўл билан доғда қолдириш талаб этиларди. Полшаликлар дарвозабони Шченсни дастлабки икки турда ўз вазифасини аъло даражада уддалади. Икки турдан кейин фақат у ва бразиллар посбони Алиссонгина ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди, марокашликлар ҳам ҳали гол ўтказмаган, аммо африкаликларнинг икки ўйинида икки хил дарвозабон ўйнаган.

Шченсни бу ўйинни жарима майдонига ёриб кирган Мессининг кучли зарбасини қайтариш билан бошлади.

Зарба ўткир бурчакдан туриб йўлланган ва бундай ҳолатда гол уриш имкони паст бўлган бўлса ҳам, бу полшаликлар учун ижобий сигнал эди. Аммо янада муҳими бу турнирда Аргентина илк бор яна тетик, ҳаракатчан ва анчайин тажовузкор кўринди. Жамоа Америка Кубоги финалида бўлгани каби учиб ўйнади ва тўқнашувлардан қочмади. Ва вазиятлар ҳам юзага келди.

Аммо Шченсни юқори даражада ўйин намойишда давом этди. У Ди Мариянинг бурчакдан тўғридан тўғри дарвозага йўллаган зарбасини хотиржамлик билан олиб чиқди. Ҳимоячилар ортида очилган Алваресни тўхтатиб қолди. Тортдаги безак эса — Мессига пенальтидан гол уришга йўл қўймаслиги бўлди, бу пеналти эса ижтимоий тармоқда кенг муҳокама қилинди. Кўпчиликнинг фикрича дарвозабон тўпга отилганида аргентиналиклар «ўнлиги»нинг юзига қўли тегиши бундай жазога муносиб эмасди, чунки бу вақтда Месси бош билан зарба бериб бўлганди.

Лекин бу энди долзарб эмас. Месси «нуқта»дан гол уролмади ва голли сериясини тўхтатди. Эътиборли томони, Лео жаҳон чемпионатларида ўзи тепган учта пеналтидан иккитасида хато қилган.

Бу драма билан якунланиши мумкин эди, аммо биринчи бўлимда саккиз зарбани тўсган дарвозабонга иккинчи бўлим бошланиши билан Макаллистер гол урди. Бу ҳужум эса Ди Мария томонидан ўйлаб топилди, у Молина билан комбинация амалга ошириб, яримҳимоячини зарба бериш нуқтасига чиқарди.

Аргентиналикларнинг янги авлоди бу ўйинда ўзини кўрсатди. Иккинчи гол икки Фернандес ва Альварес томонидан уюштирилди.

Агар Скалони шу ўйинда танланган таркибда тўхталса, бу кейинги ўйинларда муваффақият гарови бўлиши мумкин.

Ўйин давомида қулай вазиятлардан фойдалана олмаган Альварес ва Лаутаро Мартинес энди плей-оффда имкон қадар аниқроқ ҳаракат қилиши талаб этилади, жанубий америкаликлар гуруҳда биринчи ўринни эгаллашди ва Австралияга рақиб бўлди.

Полша эса бу ўйинда бошқа гол ўтказмаслик учун ўйнади (тўпга эгалик қилиш бўйича кўрсаткич 27-73, зарбалар бўйича 4:25, аниқ зарбалар бўйича 0:13) ва тўплар нисбати эвазига Мексикани гуруҳда қолдириб кетди. Ўйинда бирорта вазиятга эга бўлмаган Левандовски ва жамоа амалдаги жаҳон чемпионлари Францияга рўбару келишади.

Мексика охиригача плей-оффга яқин эди, аммо якунда қарийб 30 йиллик серияга барҳам беришга мажбур бўлди

Саудия Арабистони — Мексика 1:2
Голлар:
Ад Довсари (90+5) — Мартин (47), Чавес (52).
Саудия Арабистони – Ал Овайс, Ал Ғанам (Баҳебри, 88), Томбакти, Ал Амри, Ал Булайҳи (Шараҳили, 37), Абдулҳамид, Ад Досари, Ал Ҳасан (Маду, 46), Канно, Ал Биракан, Аш Шаҳри (Ал Обид, 62).
Мексика – Очоа, Санчес (К.Альварес, 86), Морено, Монтес, Галярдо, Чавес, Пинеда (Родригес, 77), Э.Альварес (Фунес, 86), Лосано, Мартин (Ҳименес, 77), Вега (Антуна, 46).
Огоҳлантиришлар: Альварес (16), Аш Шаҳри (28), Ал Ҳасан (34), Томбакти (52), Маду (81), Баҳебри (90+7).

Мексиканинг 1994 йилда АҚШдаги турнирда бошланган ва қаторасига етти жаҳон чемпионатида давом этган серияси, жамоа барқарор равишда гуруҳдан чиқиб, 1/8 финалдан ортга қайтгани ҳақида етарлича гапирилди. Қайд этиш керакки — бу 28 йилликда қаторасига етти бор гуруҳдан чиқиш билан фақат Бразилия мақтана олиши мумкин эди (2022 йилги мундиалда улар саккизинчи бор плей-оффга чиқди). Нидерландлар ҳам ҳамиша кейинги босқичга йўл олишган, аммо европаликлар ЖЧ-2002 ва ЖЧ-2018 турнирларини ўтказиб юборишганди. Германия, Франция, Испания, Италия, Англия, Португалия, Аргентина ва Уругвай каби топ-жамоалар эса камида бир марта гуруҳ босқичида қолиб кетишган.

Бу ўйинда Саудия Арабистонига ҳам ғалаба керак эди. Дуранг ҳам арабларга 1/8 финал учун имконият қолдирарди, аммо бу ҳолатда Аргентина ва Полша ўртасидаги параллел учрашувда керакли ҳисоб қайд этилишига умид қилиш керак эди. Масалан, поляклар ғалабасига кўпроқ, лекин бошқа вариантлар ҳам бор эди. Мексика эса фақат ғалаба қозониши талаб этиларди, шунда ҳам ғалаба ақл бовар қилмас серияни давом эттиришни кафолатламасди — барибир рақибларнинг ўзаро ўйинига ҳам эътибор қаратиш керак эди.

Бундай вазиятда жамоалардан ҳужумкор ўйин кутиларди ва амалда ҳам шундай бўлди — 8-дақиқага келибоқ Мексика ва Саудия Арабистони бир мартадан дарвоза соҳасига аниқ зарбалар йўллади, лекин Алексис Веганинг вазияти анча хавфлироқ чиқди.

Аммо кўп ўтмай бу ўйинда икки томон голлар борасида қувлашмачоқ ўйнамоқчи эмаслиги аён бўлди. Мексика тўпни назорат қилди (ўйиннинг тахминан 70 фоизида тўпга эгалик қилинди) ва саудияликлар ҳимоясини ёриб ўтиш учун мунтазам босим уюштирилди. Осиё вакиллари эса қаҳрамонларча мудофааланишди, футболчиларнинг барчаси фидойилик кўрсатиб ўйнади. Мексикаликларнинг биринчи бўлимдаги 11 зарбасидан бештаси ҳимоячилар томонидан тўсилди. Қолаверса, Саудия Арабистони бу чемпионатда жароҳатлардан азият чекмоқда. Аргентина билан ўйинда Ясир Ал-Шаҳроний ўз жамоаси дарвозабони билан тўқнашиб сафдан чиққанди, шунингдек сардор Салмон Ал-Фарож жароҳат олганди. Мексика билан ўйинда эса биринчи бўлимдаёқ ўнг қанот ҳимоячиси Али Ал-Булайҳи оёғини қайириб олиб, алмаштиришни сўради.

Икки жамоа ҳам Аргентина ва Полша учрашувидаги вазиятга қараган ҳолда ҳаракатланишга мажбур эди ва Алексис Макаллистернинг иккинчи бўлим бошидаёқ урган голи Мексикани бор куч билан олдинга ташланишга ундади — бундай ҳолатда КОНКАКАФ вакиллари «+3» гол фарқи билан ғалаба қозониши талаб этиларди, саудияликларни ҳам энди дуранг қониқтирмасди.

«974» стадионида келган хабар Мексикани уйғотди ва жамоа ўз олдидаги вазифани ҳал қилишга киришди. Стандартлар ёрдам берди: бурчак зарбасидан кейин Энри Мартин Сесар Монтеснинг товон билан берган берган пасини голга айлантирди, кўп ўтмай Луис Чавес жарима зарбасидан шедевр гол урди — 26-28 метрдан зарба йўллаб, юқори бурчакни аниқ нишонга олди.

Параллел учрашувда ҳисоб аргентиналиклар фойдасига 2:0 кўринишига келгач, барчаси ЖЧ-2018 гуруҳларидан биридаги вазият такрорланишига яқинлашди, ўшанда Япония Сенегални камроқ сариқ карточк олгани туфайли ортда қолдирганди. Бу вазиятда африкаликлар ўрнида Мексика эди — Полша билан барча вазиятлар бўйича тенглик ҳолатида (4 тадан очко, тўплар нисбати 2-2 ва ўзаро ўйинда дуранг) улар жарима баллари туфайли ортда қоларди - ўйиндан олдин полшаликларда 4 та, мексикаликларда 6 та сариқ карточка бор эди (жамоалар охирги тур ўйинларида яна биттадан сариқ ишлашди). Бу вазиятда Мексика ўзи учинчи голни уриши ёки бу ишни Аргентина қилишига умид қилиши керак эди. 

Агар полшаликлар ўз ўйинида битта қизил карточка олганида учинчи ўринга тушиб кетган бўларди (1 та сариқ карточка учун 1, 2 та сариқ карточка олиб четлатилганлик учун 3, тўғридан тўғри қизил карточка кўрсатилганда 4, аввал сариқ, кейин қизил карточка олинганда 5 жарима балли ҳисобланади). Агар сариқ карточкалар сони тенглашиб қолганида плей-оффга чиқувчи жамоа қуръа ташлаш йўли орқали аниқланган бўларди.

Аммо униси ҳам, буниси ҳам рўй бермади, гарчи Мексикада ҳисобни йириклаштириш учун вазиятлар етарли бўлган бўлса-да. Мексикаликлар ўйин давомида 25 бор зарба берди (рақибда 10 та), шундан 10 таси дарвоза соҳасига аниқ борди (рақибда 2 таси), аммо шу куни Ал-Овайс ўз ишини яхши бажарди. Мексикаликларнинг икки голи ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилиши туфайли бекор қилинди ва бу жаҳон чемпионатида офсайдни аниқлашнинг яримавтомат тизими борлигда бу қарорларга эътироз қилишдан наф йўқ. Мексикаликлар учинчи голни уриш учун бутун эътиборни ҳужумга қаратди, лекин қўшимча дақиқаларда гол ўтказиб юборди, Салим Ад-Довсарий қарши ҳужумда жамоа мухлисларига юпанч бўлувчи голни урди.

Натижада мексикаликлар кўпроқ сариқ карточка олиб юборгани учун эмас, тўплар нисбатидаги фарқ туфайли турнирни тарк этадиган бўлди.

Францияга захира етишмади: Тунис сенсация кўрсатиб ғалабага эришди, аммо плей-оффга чиқолмади

ЖЧ-2022. D гуруҳи. 3-тур
Тунис – Франция 1:0
Гол
: 1:0 – 58 Ҳазри.
Тунис – Дамен, Кешрида, Гандри, Мерья, Тальби, Маалуль, Схири, Лаидуни, Бен-Ромдан (Шалали, 74), Слиман (Абди, 83), Ҳазри (Жебали, 59).
Франция – Манданда, Дисаси, Варан (Салиба, 63), Конате, Камавинга, Верету (Рабьо, 63), Тчуамени, Фофана (Гризманн, 73), Гендузи (Дембеле, 79), Коман (Мбаппе, 63), Коло-Муани.
Огоҳлантиришлар: Кешрида (28).

Дешамнинг тотал ротацияси

Французларга бу ўйинда натижа керак эмасди. Фақат гиперфантастик сценарий амалдаги жаҳон чемпионларини гуруҳдаги биринчи ўриндан тушириб юбориши мумкин эди, аммо плей-оффдан эмас. Шу туфайли Дидье Дешам таркибда ротация қилишини кутиш мумкин эди: «Учранглилар» шусиз ҳам жароҳатлардан энг кўп азият чеккан жамоа, шу туфайли 1/8 финал арафасида қолган етакчилар билан таваккал қилиш ўринсиз эди.

Шу билан бирга, асосий таркиб футболчилари ўйнашни исташарди. Масалан, аввалги ўйинларда уч гол урган ва «Олтин бутса» учун яхши имконият ҳосил қилган Мбаппе Тунисга қарши ўйинни ўтказиб юборишни истамади. Аммо Франциянинг асосий ҳужумчиси соғлигидаги кичик муаммо туфайли барибир захира ўриндиғида қолишга рози бўлди.

Мбаппе ва яна асосий таркибнинг бир неча етакчиларига дам берилишини тўғри тушуниш мумкин. Аммо Дешам жамоа ўзагини ўзгартирувчи ротациялар амалга оширди: Дания қарши ўйин бошланғич таркибида бўлган тўққиз футболчи захирада қолди. Фақат Варан ва Тчуаменига тегилмади. Ҳатто дарвозабон ўзгартирилди: Ллорис ўрнига қарилик билмас Манданда тушди. Ҳужумда «Айнтрахт» форварди Коло Муани пайдо бўлди, «Монако» ҳимоячиси эса Дисаси терма жамоадаги дебютини жаҳон чемпионатида нишонлади.

Заиф чап қанот ва африкаликлар босими

Французлар таркиби шунда ҳам номларга кўра тунисликлардан кучлироқ эди, аммо бу таркибда ўзаро ўйнаш кўникмаси йўқ эди. Европаликлар чап қанотида Камавинга тушди — бу «Реал» яримҳимоячиси учун бегона позиция, Дешам уни фақат бир неча ўртоқлик учрашувида шу амплуада ўйнатиб кўрган. Аммо бошқа чиқиш йўли йўқ эди: Люка Эрнандес жароҳат олган, Теога дам берилди, таркибда бошқа чап қанот футболчиси топилмади.

Араблар эса французларнинг айнан шу қанотига босим уюштирди. Камавинга эса иштиёқманд рақибнинг босимига базўр бардош берди. Умуман олганда, Тунис икки карра иштиёқ билан ўйнади: биринчидан, уларни фақат уч очко плей-оффга олиб чиқиши мумкин эди, иккинчидан, рақиб собиқ мустамлакачи эди — таркибдаги футболчиларнинг ўн нафари Францияда муҳожирлар оиласида туғилган.

Улардан бири — Тунис термаси тарихидаги иккинчи энг яхши тўпурар Ваҳби Ҳазри. У негадир дастлабки икки турда захира ўриндиғида қолган, бу сафар эса бошланғич таркибда пайдо бўлиб, африкаликлар жамоаси ҳужумини бутунлай ўзгартирди.

Умуман олганда, Тунис аввалги икки учрашувга қараганда анча дадил ўйнади. Биринчи бўлимда ўйиннинг 55 фоиз вақтида африкаликлар тўпга эгалик қилгани ҳам буни яққол ифодалайди. Вазиятлар ҳам юзага келди: Гандри гол урди, аммо офсайд қайд этилди, Ҳазри эса бурчак зарбасидан дарвоза тўрини ишғол этишига бир бахя қолди.

Икки дақиқа иккинчи ўринда

Ўйиннинг иккинчи бўлимида Франциянинг иккинчи таркиби тўпни назорат қила бошлади, аммо хавфли вазиятлар яратилмади — фақат Коман яримта имкониятга эга бўлди. Тунис эса Манданда турган жарима майдонига бурчакдан тинимсиз узатмалар берди. Биринчи бўлим каби, иккинчи бўлим бошини ҳам биринчи рақамда бошлаган Тунис 58-дақиқада ўз голини урди — Ҳазри ҳисобни очди.

Аммо араб мухлисларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Тунис амалдаги чемпионлар дарвозасини ишғол этиб, иккинчи ўринга кўтарилганди, аммо икки дақиқа ўтиб параллел учрашувда Австралия Данияга гол урди ва африкаликлар яна плей-оффдан ташқарида қолди.

Ҳисоб 0:1 бўлганида Дешам хато қилганини англаб етди. Бундай вазиятда Тунисга мағлуб бўлиш шармандалик эмас, аммо ёқимсиз ҳам. Шу туфайли майдонга одатий таниш юзлар чиқиб келди: Мбаппе, Рабьо, Гризманн, Дембеле. Табиийки, Дамен қўриқлаётган дарвозага босим сезиларли даражада ошди. Тунисликлар дарвозабони ва ҳимоячилари катта қийинчилик билан европалик юлдузларга қарши туришди. Ҳолбуки Мбаппенинг ўзи иккита гол уриши ҳам мумкин эди.

Қўшимча дақиқаларда Тунис захира ўриндиғидагилар майдондаги вазиятни эмас, параллел учрашув трансляциясини кузатишаётганди, африкаликлар учун данияликлар дуранг қайд этиши талаб этиларди. Аммо Австралия туриб берди. Тунис ҳам — бу ғалаба уларга керакли натижа келтирмаган бўлса-да, мухлислар учун афсонавий бўлиб қолади.

Ўйинга қўшиб берилган дақиқалар якунланишига ўн сония қолганида Гризманн дарвозани ишғол этди, аммо видеотакрордан кейин гол бекор қилинди.

Тунис Қатарни тарк этади, аммо жамоа ўзи ҳақида яхши таассурот қолдирди.

Зерикарли Дания жаҳон чемпионатида ҳафсалани пир қилди. Австралия кутилмаганда плей-оффга чиқди

Австралия – Дания 1:0 
Гол:
1:0 – 60 Лекки.
Австралия – Райан, Дегенек, Суттар, Роулз, Беҳич, Муй, Ирвайн, Макгри (Райт, 74), Лекки, Дюк (Макларен, 82), Гудвин (Баккус, 46).
Дания – Шмейхел, Кристенсен (Ба, 46), Кристенсен, Андерсен, Мэле (Корнелиус, 70), Эриксен, Ҳейберг, Йенсен (Дамсгор, 59), Линдстрем, Брэйтуэйт (Долберг, 59), Олсен (Сков, 69).
Огоҳлантиришлар: Беҳич (4), Дегенек (57), Сков (75).

2018 йилги жаҳон чемпионатида ҳам Дания ва Австралия бир гуруҳдан жой олишган ва муроса йўлини танлашганди (1:1). Ўшанда ўйин иккинчи турда бўлиб ўтган ва скандинавларни турнир стратегияси нуқтайи назаридан дуранг ҳисоб ҳам қониқтирарди. Ҳозир эса — икки турда биргина очко олган жамоани фақат ғалаба қониқтирарди. Лекин данияликларнинг ҳозирги ҳолати бир ярим йил олдин Кристиан Эриксен билан боғлиқ драмадан кейин жисплашиб, Евро-2020 яримфиналига қадар етиб борган жамоани фақат эпизодларда эслатиб турди.

Қатарда Тунисга қарши биринчи ўйиндан кейин данияликлар бош мураббийи Каспер Юлманн жамоаси жуда секин ўйнагани учун узр ҳам сўраганди. Франция билан ўйиндан кейин эса жамоаси ҳужумда қанчалик яхши ўйнай олиши ва ихтиёрида юқори савияли ҳужумчилар борлигини эслатиб ўтди. Шу билан бирга тан олди: энди Дания деворга тақалган. Якуний тур олдидан у жамоа бошдан кечираётган улкан босим ҳақида айтиб ўтди.

Ва майдонда ҳам бу сезилди, чунки данияликлар аввал осонгина ҳал этадиган эпизодларда шошқалоқлик қилишди. Натижада йўқотишлар ва техник хатолар юзага келди, бу эса австралияликларнинг ҳаётини сезиларли даражада осонлаштирди. Яшил қитъа вакиллари Тунисга қарши ўйинда ҳимояланишда кўпроқ қийналишганди, данияликларга қарши биринчи бўлим осонроқ кечди. 

Бу ўйинда «Соккеруз»га жиддий муаммо туғдира олган футболчилар чап қанотдаги Меле ва унга ёрдам кўрсатган Линдстрем бўлди. Лекин уларнинг саъй-ҳаракатлари натижа келтирмади. Йирик турнирда анчадан буён фаворит жамоа бу қадар ҳафсалани пир қилмаганди. Ҳатто Қатар барчага ютқазиб турнирни тарк этган бўлса-да, мухлисларга ёқадиган футбол намойиш этганди. Бу ерда эса параллел ўйинда Тунис гол уриб, Австралияни дуранг қониқтирмайдиган бўлиб қолганида, сариқ-яшил либосдаги футболчилар дарҳол ташаббусни қўлга олишди ва ўз голини уришди.

Грэм Арнольд жамоаси бунгача ҳам майдоннинг ўз қисмига қамалиб олмаган ва имконият туғилиши билан ҳужумга югураётганди. Австралия шунчаки ўз кучини тўғри тақсимлаб, тўғри футбол ўйнади ва имкониятидан келиб чиқиб ҳаракат қилди. Муваффақиятли қарши ҳужумда Леки майдон марказида очилди ва тўпни рақиб жарима майдонига олиб бориб, ҳимоячиларни чалғитиб, Меленинг оёғи орасидан тўпни ўтказиб зарба йўллади. Шмейҳел кучсиз зарбани қайтара олмади.

Юлманн нимадир ўйлаб топишга уринди ва ҳатто Эриксенга хат жўнатди. Аммо амалда мураббий қанот футболчиларини алмаштириб ва ҳужум чизиғи вакиллари сонини ошириб ҳам ҳеч нарсага эриша олмади. Долберг жарима майдонида йиқилганида данияликларда имконият пайдо бўлгандек эди. Аммо аввалига 11 метрлик нуқтани кўрсатган арбитр ёрдамчисига назар ташлади ва офсайд туфайли бир лаҳзада қарорини ўзгартирди.

Дания шунчаки майдонда нима қилишини билмади ва ЖЧ-2022 турнирининг энг зерикарли жамоаси мақомини ўзиники қилди. Австралияликлар эса Арнольднинг кўрсатмаларини аниқ бажаришди. Ўйиндан кейин мураббий шундай деди: «Айни вақтда биз ҳали ҳеч нарсага эришмадик. Биз шу ерда қоламиз ва имкон қадар узоқроққа боришни хоҳлаймиз. Менга футболчиларнинг ҳиссиётлари — тун бўйи ухламасдан, ижтимоий тармоқларни кузатиши ва бошқа юмушлар билан банд бўлиши керак эмас. Мен улар тикланиши ва навбатдаги ўйинга тайёр бўлишини хоҳлайман».

59 ёшли Арнольд Австралия футболига 16 йил ўтиб яна хурсандчилик келтирди, 2006 йилги турнирда Гуус Ҳиддинк бошқарувидаги «Соккеруз» илк бор гуруҳдан чиққанди. Ўша вақтда унинг ёрдамчиси бўлган Арнолд эса ундан ўрганганларини ҳаётга татбиқ этмоқда, нидерландиялик мутахассис эса унга маслаҳат беришдан тўхтамаган, у сентябр ойида Янги Зеландияга қарши назорат баҳсини захира ўриндиғида ўтириб кузатганди.

Дания эса биргина гол ва биргина очко билан Қатардаги иштирокини якунлади.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид