Ўзбекистон | 11:24 / 01.12.2022
64734
2 дақиқада ўқилади

Синоптиклар декабрда об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди

Декабрь – қиш биринчи ойи, бу фаслни кўпчилик қор ва совуқ билан боғлайди. “Ўзгидромет” ушбу ой учун дастлабки прогнозини эълон қилди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, бу йил декабрь ойи нисбатан совуқ ҳаво билан бошланади. 1 декабрдан ҳарорат пасайиши бошланди ва 3-5 декабрга келиб республика ҳудуди катта қисмида термометр устуни кечалари 4-7 даража совуққача, кундуз кунлари 0-3 даража илиққача, баъзи жойларда 1-2 даража совуққача, шимолда кечалари 10-13 даража совуққача, кундуз кунлари 4-7 даража совуққача пасаяди.

Маълум қилинишича, ҳатто республика энг жанубий қисмида ҳам совуқ бўлади, ҳарорат кечалари 0-2 даража совуққача, кундуз кунлари 3-6 даража илиққача пасаяди.

Совуқ об-ҳаво деярли декабрь ойи биринчи ўн кунлиги охиригача сақланиб туради. Республика бўйича 5 декабргача қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. 5-10 декабрь кунлари даврида республика марказий ва жануби-шарқий ҳудудлари бўйича айрим кунларда қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши мумкин.

Декабрь ойи иккинчи ва учинчи ўн кунликларида меъёрий қийматларга яқин бўлган фонда ҳаво ҳарорати кечалари 2-7 даража илиқдан 2-7 даража совуққача, кундуз кунлари 10-15 даража илиқдан 2 даража совуқ-3 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда.

Таъкидланишича, ўтган 2021 йил декабрь ойи охирги 20 йил ичида энг илиқ йил бўлди. Ушбу давр учун 2002, 2011 ва 2020 йиллар декабрь ойлари эса энг совуқ бўлган.

Тошкентда сўнгги 20 йил ичида декабрь ойидаги энг илиқ кунларда ҳаво ҳарорати 20-23 даража илиққача кўтарилган, энг совуқ даврларда эса ҳарорат кечалари 12-15 даража совуққача пасайган. 

Метеорологик кузатувлар барча даврлари (150 йилдан кўп) учун Тошкентда энг паст ҳарорат 20-23 даража совуқни ташкил этган, 1930 йил декабрь ойида эса 27-29 даража совуққача бўлган.

Мавзуга оид