Жаҳон | 13:25 / 07.12.2022
3191
2 дақиқада ўқилади

Жоржиядаги сайловлардан кейин демократлар Сенатдаги позициясини мустаҳкамлади

Жоржиядаги сайловларнинг иккинчи босқичида президент Байден партиясидан Рафаэл Уорнок ғалаба қозонди. Шундан сўнг АҚШ Сенатидаги демократларнинг позицияси Конгрессга ўтказиладиган оралиқ сайловлар олдидан ҳам кучлироқ бўлди.

Фото: Reuters

АҚШ Сенатига Жоржия штатидан бўлиб ўтган сайловларда Демократик партиядан номзод Рафаэл Уорнок овоз беришнинг иккинчи босқичида кутилганидек ғалаба қозонди. Бу ҳақда Америка ОАВ 7 декабрь, чоршанба куни телекомпаниялар прогнозларига таяниб хабар берди. Уорнок АҚШ собиқ президенти, республикачи Доналд Трамп томонидан қўллаб-қувватланган собиқ америкалик футбол юлдузи Ҳершел Уокерни ортда қолдирди.

Уорнокнинг ғалабаси шуни англатадики, демократлар Конгрессга оралиқ сайловлар арафасида ўтказилган сўров натижаларидан фарқли ўлароқ, ҳатто Сенатдаги ўз позицияларини мустаҳкамлашга муваффақ бўлишди: агар сайловгача демократлар ва республикачилар юқори палатада 50 та ўринга эга бўлган бўлса, ҳозир АҚШ президенти Жо Байден тарафдорлари яна бир қўшимча овозга эга бўлади.

Ноябрь ойида бўлиб ўтган Конгрессга оралиқ сайловларда номзодларнинг ҳеч бири 50 фоиздан кўп овоз тўплай олмагани учун Жоржияда иккинчи тур ўтказилиши зарур эди. Бунга қисман Жоржияда Сенатга учта номзоднинг даъвогарлиги сабаб бўлган.

Жо Байденнинг Демократик партияси 8 ноябрь кунги оралиқ сайловлар натижасига кўра, Вакиллар палатасида кўпчилик ўринни йўқотди. Шу билан бирга, демократлар сўровларда тахмин қилинганидек жиддий мағлубиятга учрагани йўқ. Демократлар Сенатдаги оз ўрнини ҳимоя қилишга муваффақ бўлди. Бу Байден тарафдорларининг Конгрессда ишлашини осонлаштиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид