Етти фаворит жамоа 1/8 финалдан ўтди, энг кучлилар саккизлигида — иккита топ-даражадаги жуфтлик ва бир сенсация бор.

Нидерландия — Аргентина

Нидерландлар АҚШни енгишди (3:1) ва яна ўйинни жуда рационал қуришди. Агар сиз нидерландларда одатий ёрқин ўйин кутган бўлсангиз, ван Гаал жамоасининг ўйини зерикарли кўриниши мумкин. «Апелсинранглилар»нинг бу версияси натижага бошқачароқ йўл билан, уюшқоқ ва самарали ўйин орқали эришмоқда. Уч турда уч гол урган Гакпо америкаликларга қарши ўйинда Депайнинг биринчи голи урилган комбинацияда иштирок этди. Ўйиннинг асосий юлдузи эса Думфрис бўлди: ўнг қанот ҳимоячиси икки голли пас узатди, у Депайдан ташқари Блиндга ҳам голли узатма берди ва иккинчи бўлимда ўзи ҳам гол урди.

Натижада шундай ҳазил ҳам пайдо бўлди: Дензел американликларни Вашингтонга жўнатди. Асосийси — ван Гаалда мақсад сари ҳаракатланиш учун керакли ижрочилар тўплами бор ва улар ҳамиша ҳам яққол юлдузлар эмас: Гакпо ва Думфрис, кичик Блинд ва дарвозабон Нопперт ва булар ҳаммаси эмас. Бу таркиб учун уч ярим йил кейин старт оладиган Шимолий Америкадаги мундиал асосий турнирга бўлади — АҚШ, Канада ва Мексика биргаликда қабул қиладиган ва 48 жамоа иштирок этиши кўзда тутилган ЖЧнинг формати ҳозирча маълум эмас.

Аргентина Австралияни енгди (2:1), шу билан бирга ўйин охирида мухлисларини ҳаяжонда ушлаб турди. Месси фаолиятидаги 1000-ўйинни ўтказди (терма жамоада — 169-ўйин) ва 789-голини урди (термада — 94-гол). Яна бир муҳим жиҳати: Лео жаҳон чемпионатлари плей-оффида илк бор гол уришга муваффақ бўлди. Месси аввалига турнирдаги ўйинлар сони бўйича Марадонани ортта қолдирганди (23/21), энди мундиалдаги голлар сони бўйича ҳам ундан ўзиб кетди (9/8) ва самарали ҳаракатлар (гол+пас) бўйича у билан тенглашиб олди (9+7 га қарши 8+8).

Аргентиналиклар иккинчи голни де Паулнинг прессинги, дарвозабон Райаннинг хатоси ва Альвареснинг зарбаси эвазига уришди. Америка Кубоги чемпионлари ўйинни йирик ҳисобдаги ғалаба билан якунлашга яқин эди, аммо Лаутаро Мартинес кўплаб имкониятларни йўққа чиқарди. Тўп Фернандесга тегиб, рикошет гол бўлгач, ўйин охирида кескинлик кузатилди. Дарвозабон Эмилиано Мартинес асосий вақт охирида жамоаси учун ғалабани сақлаб қолди, австралияликлар эса ўзидан яхши таассурот қолдирган ҳолда турнирни тарк этишди.

Нидерландия ва Аргентина ЖЧ-2014 яримфиналида ўзаро ўйнаган, ўшанда барчасини пенальтилар серияси ҳал қилганди. Энди ван Гаал реванш олмоқчи, аммо Месси ҳам узоқроққа боришга аҳд қилган.