Термиз шаҳри А.Жомий маҳалласида яшовчи, иккинчи гуруҳ ногирони бўлган Иззатилло Куллиев вилоят ҳокимига кредит асосида мотороллер олганини билдириб, ушбу кредит маблағини тўлашда амалий ёрдам сўради. Вилоят раҳбари Куллиевнинг оилавий шароитини, ногирон бўлса-да оиласига даромад келтириш мақсадида ҳаракат қилаётганини инобатга олиб, унинг кредит маблағларини тўлаб берди. Қўшимча харажатлари учун ҳам моддий ёрдам ажратди.
Иззатилло Куллиев олти нафар фарзанднинг кенжаси. Онаси Робия Куллиева 2001 йилда турмуш ўртоғи вафот этгач, фарзандларини ёлғиз ўзи вояга етказган.
Эндиликда Иззатилло ўзининг мотороллерида инсонлар ҳожатини чиқариб, оиласига даромад келтирмоқда. Унинг бу ишлари тўрт мучаси соғ бўлиб, бошқалардан ёрдам кутиб ўтирган, айрим боқиманда инсонларга ўрнак бўлмоқда.


2022 йилда вилоят ҳокими Тўра Боболов томонидан жойларда 45 маротаба оммавий қабуллар ўтказилиб, 7612 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг қарийб саккиз мингга яқин муаммолари ўрганилган.
Қабулларда одамлар билан очиқ ва шаффоф мулоқот йўлга қўйилгани, аҳоли муаммолари тингланиб, кўплаб масалалар ҳал этилгани боис, 1 декабрь ҳолатида болалар нафақаси бўйича мурожаатлар сони 45,4 фоизга, уй-жой билан таъминлаш 34,1 фоизга, маҳалла ҳудудидаги ички йўлларни таъмирлаш 4,4 фоизга, уй-жойни таъмирлаш 11,9 фоизга, ичимлик суви таъминотидаги мурожаатлар 12,3 фоизга, маиший газбаллон билан таъминлаш 41,4 фоизга, ер ажратиш масаласидаги мурожаатлар 4,2 фоизга, оилавий низолар бўйича мурожаатлар 26 фоизга камайган.



Биргина жорий йилнинг 16 июнь куни вилоят ҳокими раҳбарлигида энг кўп мурожаат тушаётган ҳудуд ҳисобланган Бойсун тумани “Ўрта Мачай” ҳудудида ўтказилган сайёр қабул натижасида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни атрофлича ўрганиб, шу маҳалланинг Хўжадияк қишлоғи ҳудудида 20 км, Сайроб маҳалласи Қўшчинор қишлоғига 7 км узунликдаги сув тармоғини тортиш ишлари учун зарур бўлган қувурлар ажратилди.
Шунингдек, Узун тумани Нурли келажак маҳалласида ўтказилган оммавий сайёр қабул жараёнида мактаб учун янги спорт зали қурилишига, 50 дона электр устунлар ва бир дона трансформатор ўрнатишга, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 10 дона гилам тўқиш дастгоҳи ва тикув машиналари ажратилишига келишилди.


















