2022 йилнинг сентябр ойида старт берилган лойиҳа Ўзбекистоннинг турли чекка ҳудудларидаги кўплаб истеъдодли ёшларни кашф этди.

“Ушбу лойиҳанинг асосий сабаби Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳасида истеъдодли ёш ижодкорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қароридир. Президентимизнинг айнан шу нутқларидан сўнг қарордан илҳомланиб, уни амалга ошириш мақсадида тинимсиз изланишлар олиб борилди ва катта масштабли мусиқий лойиҳага асос солинди”, дейди лойиҳа муаллифи Aлишер Узоқов.

4 босқичли лойиҳада жами 2000 га яқин ёшлар иштирок этган бўлиб, лойиҳа бутун республика бўйича иқтидорли ёшларни ўзида жамлайди. Муносиб кўрилган ғолиблар учун “XON SAROY” компанияси томонидан уй, автомобиль ва пул ютуқлари тақдим этилади. Тақдимотда лойиҳа ташкилотчилари журналистлар ва блогерларнинг саволларига жавоб беришди.

Маълум қилинишича, ҳақиқий ғолибларни аниқлашда шаффофликни таъминлаш мақсадида ижтимоий тармоқларда овоз тўплаш усули қўлланмайди. СМС-хабарнома тарзида ёки компания сайтида овоз бериш йўлга қўйилади. Сўнгги якуний босқич эса жонли эфир орқали намойиш этилади.

“XON SAROY” қурилиш компаниясининг “Xon Saroy Music” лойиҳасидан асосий мақсади янги истеъдодларни топиш ва шу билан биргаликда бренд номини янада мустаҳкамлашдан иборат. Лойиҳанинг давомийлигини таъминлаш учун яна бир қатор ҳомийлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Бу кейинги босқичларнинг янада сифатли бўлиши учун ишлатилиши мумкин.

















