Айни пайтда Хитой дунёнинг энг кўп аҳоли мавжуд давлати ҳисобланади. Кейинги ўринларни эса Ҳиндистон ва АҚШ эгаллаган.
БМТ ҳисоботига кўра, 2023 йилда Ҳиндистон аҳолиси Хитойникидан кўпроқни ташкил қилиши кутилмоқда. Ҳозир ҳар иккала давлатнинг ҳам аҳоли сони 1,4 миллиарддан ошган.
Аҳоли сони нимани белгилайди?
«Аҳолиси энг кўп давлат» мақоми Хитойдан Ҳиндистонга ўтиши қандай маъно англатади?
The Guardian нашри айнан шу саволни таҳлил қилди. Нашрнинг ёзишича, Хитой бу тарихий воқеа юз бергандан кейин ҳам қудратли давлат бўлиб қолаверади ва супер қудратли давлат мақомига эришиш борасида АҚШ билан беллашуви давом этаверади. Шунчаки одамлари сонига қараб ҳисоблаганда энг катта мамлакат мақомидан маҳрум бўлади.
Мавжуд тенденцияларга кўра, аҳоли сонидаги тафовутлар тез суръатлар билан катталашиб бораверади. Бироқ бу дунё миқёсида мамлакатлар нуфузини белгилашда унчалик ҳам катта аҳамиятга эга эмас. Сабаби, мамлакатлар нуфузи инвестиция, давлат бошқаруви каби омиллар билан кўпроқ белгиланади. Яъни аҳолининг қанча бўлиши мамлакатлар истиқболини белгилаб берадиган даражада муҳим эмас.
Хитойнинг «қариши»
Лекин шундай бўлса-да, Ҳиндистоннинг аҳоли сони бўйича Хитойдан ошиб кетиши XXI асрда чексиз юксалишни кўзлаган Хитойнинг чегарасизлигига шубҳа уйғотади. Сабаби, Хитой аҳолиси 1,4 млрд чўққисидан сўнг сезиларли равишда қисқариши прогноз қилинган.
Евросиё гуруҳи президенти Ян Бреммернинг қайд этишича, Хитойнинг аҳоли сони қисқариши Япония ва Жанубий Кореяникидан кўра шиддатлироқ кечади ва бу давлатлар ўртача даромадли бўлгани учун ҳам аҳоли қисқариши улар учун катта муаммо.




















