15:47 / 16.12.2022
12484

Берлин марказида улкан аквариум ёрилиб кетди

Александерплац ҳудудида тропик балиқлар солинган 16 метрли шиша цилиндр ёрилиб кетгани оқибатида икки киши жароҳат олди. Умумий массаси минг тонна бўлган сув кўчага ва меҳмонхона ертўласига оқиб тушди.

Фото: LARARIMMER/TWITTER

Берлин марказида 16 декабрь, жума куни эрталаб дунёдаги энг йирик аквариумлардан бири – Александерплац яқинидаги бинолар мажмуаси фойесида жойлашган, сиғими бир миллион литр бўлган AquaDom ёрилиб кетди. Полиция маълумотларига кўра, икки киши шиша парчаларидан жароҳат олган ва тиббий муассасаларга етказилган. Ушбу мажмуада жойлашган меҳмонхона фасади элементлари билан бирга кўчага сув тошиб чиққан. Меҳмонхона ходимлари ва меҳмонлар эвакуация қилинган. 

Хабар эълон қилинган пайтда ҳодиса сабаблари маълум эмас эди. Полициянинг дастлабки маълумотларига кўра, эҳтимолий ҳужум амалга оширилганига оид қандайдир белгилар йўқ. Воқеа жойи ўраб олинган. 

Бинога етказилган аниқ зарар ҳажми ва миқдори аниқланмоқда. Фавқулодда вазиятлар хизматининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, меҳмонхонанинг биринчи қаватига зарар етган, ертўлага бироз сув тушган. 

Тез орада воқеа жойига Техник ёрдам хизмати (Technisches Hilfswerk, THW) мутахассислари етиб боради, улар бинонинг таянч конструкция элементларига шикаст етгани ёки етмаганини аниқлаши керак. Оқиб чиққан сувнинг умумий массаси минг тоннани ташкил этди. 

Аквариумда 1500 га яқин тропик балиқлар яшайдиган маржон рифлари (қоялари) жойлашган эди. Баландлиги 16 метр ва диаметри 11,5 метр бўлган шикастланган объект эгасининг сўзларига кўра, у дунёдаги энг катта алоҳида турувчи цилиндрсимон аквариум ҳисобланади. 

Top