Жаҳон | 08:03 / 19.12.2022
5473
3 дақиқада ўқилади

ХВЖ Германияни тезкор модернизация зарурлиги ҳақида огоҳлантирди

Иқтисодиётнинг кўплаб асосий соҳаларидаги жиддий бўшлиқни ёпиш учун Германияга катта инвестиция дастури керак.

Фото: AFP

Германияга кўплаб соҳалардаги бўшлиқни бартараф этиш ва бизнес учун жозибадор давлатга айланиш учун катта давлат инвестиция дастури керак, деди Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) Европа департаменти директори Алфред Каммер якшанба, 18 декабрь куни Der Spiegel журналига берган интервьюсида. 

Унинг сўзларига кўра, ХВЖ Германиянинг энергия, инфратузилма, малакали ишчи кучи ёки рақамлаштириш борасидаги муҳим муаммоларидан хавотирда. «Германия ҳамма жойда орқада қолди», деди Каммер.

Германияда «шубҳасиз жиддий долзарб муаммолар» бор ва ўзгарувчан глобаллашув мамлакатга айниқса таъсир кўрсатди, деди у. Каммер кенг полосали уланишни кенгайтириш, рақамли бошқарув ва энергия суверенитетига эришишни устувор йўналишлар деб белгилади. Шунингдек, тезюрар поездлар, автомагистраллар ва портларнинг ишлашига, одамларга фаолиятини тезроқ ва мослашувчан тарзда ўзгартириш имконини берувчи таълим дастурига эътибор қаратиш мантиқан тўғри экани айтилди.

Бундан ташқари, «албатта, иқлимни ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилиш керак», деди Каммер ва ҳозирги инқирозни «Германиядаги янги, яшил иқтисодиёт учун уйғотувчи қўнғироқ» деб атади. Шу билан бирга, у Германиянинг устунлигини, унинг давлат бюджети бошқа кўплаб мамлакатларга қараганда «ҳали ҳам яхши молиявий аҳволда» эканлигини таъкидлади.

Der Spiegel томонидан сўралган бошқа иқтисодчилар ҳам Каммер фикрига қўшилган. «Деярли барча соҳаларда тузилмавий ўзгаришлар зарур», — деди Германия Иқтисодий тадқиқотлар институти (DIW) раҳбари Марсел Фрацшер. Унинг сўзларига кўра, бир неча йил ичида эмас, балки ҳозирда катта ҳажмдаги қўшимча сармоялар керак.

Ҳалледаги Лейбниц номидаги Иқтисодий таҳлил институти иқтисодчиси Оливер Хольтемёлер рақамлаштиришдаги жиддий камчиликларни қайд этди. Бу масала бўйича Германия «халқаро миқёсда фақат ўртада». Мисол тариқасида Хольтемёлер ХВЖ ҳанузгача федерал вазирликлардан факслар олишини таъкидлади.

Мавзуга оид