Россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг тарафдорлари Мария Певчих ва Георгий Албуров Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов ва у 2022 йил 30 августдан буён расман ажрашган Светлана Маниовичга оид суриштирувни эълон қилди.
«Рублевка шоссесидаги Успенское қишлоғида улар 1600 квадрат метр майдонга эга уй қуришган. Бундай уй 600 миллион рубл туради», дейилади «Уруш ва байрам. Мудофаа вазири ўринбосари Тимур Ивановнинг жозибали ҳаёти» номи остида 20 декабр куни эълон қилинган видеода.
Навалний тарафдорларининг эслатишича, Иванов Россия мудофаа вазири Сергей Шойгуга энг яқин ҳарбий амалдорлардан биридир.
«Владимир Путин Киевга юзлаб ракеталарни учираётган, бутун қишлоқ ва шаҳарларни ер юзидан қириб ташлаган бир пайтда, бизнинг қаҳрамонимиз, Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Ивановнинг рафиқаси Светлана Иванова (Маниович) Парижнинг қаеридадир сайр қилиб юрган эди. Унинг ҳаётида ракеталар бўлмади. Ўлимлар бўлмади. Лекин яхталар, вертолётлар, Сан-Тропе, "Роллс-Ройс"лар, олмослар, ўн миллионлаб рубллик зиёфатлар, жумладан, Европа мамлакатларидаги ўтиришлар бўлди», - деб ёзади нашр. Иванов рафиқасининг дабдабали ҳаётининг «урушгача бўлган» мисолларидан бири сифатида 2018 йилда у ўзининг туғилган кунини Истанбулда нишонлагани ва бу байрам 178 минг евро (12 миллион рубл)га тушгани маълум қилинган.
2012 йилда Тимур Иванов Москва марказидаги Волконская-фон шаҳар мулкини 600 миллион рублга сотиб олган, дейди суриштирувчилар. «Россия тергов изоляторига ўғирлаш айблови билан олиб кириб қўйиш ҳақидаги жараён бекор қилинмаган. Шунинг учун мулк "Дворянлик уяси" компаниясига рўйхатдан ўтказилган», - дейилади маълумотда.
Навалний тарафдорларига кўра, Твер вилоятининг Панкратово қишлоғида амалдорнинг дала ҳовлиси ҳам бор, унинг майдони 2900 квадрат метрни ташкил қилади. «Қурилиш буюртмачилари аниқ бўлишига қарамай, ўрнатилган анъанага кўра, амалдорлар оиласи ўзлари учун ҳеч нарса расмийлаштирмайди. Ер «Волжский Берег» МЧЖга тегишли», дейилади сюжетда.
Журналистларнинг сўзларига кўра, ҳисоб-китобларнинг бир қисми «Оборонспецстрой» компанияси томонидан тўланган. Бу Россия Мудофаа вазирлигининг жуда йирик пудратчиси «Олимпситистрой»нинг икки фаол ходимига тегишли, дея таъкидлайди нашр.
«Биз биргина сўнгги икки йил ичида «Олимпситистрой» Мудофаа вазирлиги тузилмаларидан махфий давлат шартномалари бўйича 65 миллиард рублдан ортиқ маблағ олганини аниқладик. Улар бу пулнинг бир қисмини субпудратчи сифатида «Оборонспецстрой»га ўтказиб беришади», - дейилади материалда.















