Қонунга қуйидаги янги тушунчалар киритилди:

  • гендерга оид аудит – давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида, кадрлар сиёсатини олиб боришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолатини, гендерга доир комплекс ёндашувни ўрганиш ва баҳолаш;
  • гендерга доир комплекс ёндашув – давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўз фаолиятини, кадрлар сиёсатини олиб боришни хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ташкил этиш;

Гендерга оид аудит асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • давлат органлари ва ташкилотларида хотин-қизлар ва эркаклар сони нисбатини ўрганиш;
  • давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятини гендерга доир комплекс ёндашув асосида ташкил этганлиги ҳолатини ўрганиш;
  • хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик ижро этилиш ҳолатини баҳолаш;
  • хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Гендерга оид аудит тасдиқланган уч йиллик режага асосан Касаба уюшмалари федерацияси томонидан давлат органлари ва ташкилотларида жамоатчилик назорати доирасида ўтказилади.