Жамият | 16:54 / 23.12.2022
16402
2 дақиқада ўқилади

Шифокор огоҳлантиради: Бир лаҳзалик қувонч бир умрлик кулфатга айланмасин

Дониёр Алимовнинг айтишича, байрам кунларида пиротехника воситаларидан олинган жароҳатлар билан ўнлаб беморлар шифохоналарга мурожаат қилади.

Байрам арафасида дилхираликка сабаб бўлувчи бир ҳолат бор. Бу — пақилдоқлар муаммоси. Ушбу хавфли «ўйинчоқ»ларни яширинча пуллаётганлар қонун олдида жавоб бермоқда. Аммо бундай маҳсулотлар харидори бўлган болалар саломатлигига нега ота-оналар, кенг жамоатчилик бефарқ? Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов шу борадаги фикрларини билдирди.

«Ҳар йили Янги йил арафасида ва байрамдан кейинги кунларда пиротехника воситаларидан олинган жароҳатлар туфайли биргина марказимизга ўнга яқин оғир аҳволдаги беморлар мурожаат қилади.

Қолаверса, марказнинг ҳудудий филиалларига умумий ҳисобда 20-30 нафар бемор шошилинч равишда олиб келинади. Энг ёмони, улардан 50 фоизи шифохонада узоқ ётиб даволанишига тўғри келади.

Юз, қўл соҳаларида оғир куйиш жароҳатлари, кўзлар шикастланиши ва кўриш фаолияти қисман ёки бутунлай бузилиши кузатиладиган бундай беморлар, афсуски, тегишли муолажалардан кейин ҳам қатор асоратлардан азият чекиши мумкин. Ҳатто бир қисми ногиронликка маҳкум бўлади.

Қолаверса, юз, қўл ва бадандаги дағал чандиқлар пақилдоқдан бир умрлик доғ бўлиб қолиши эҳтимоли катта. 

Бундан ташқари, пиротехника воситалари шовқинидан чўчиб, сурункали асаб ва қон-томир тизими касалликлари, қандли диабетга чалинган, умрбод карликка йўлиққанлар ва ҳали ёруғ дунё юзини кўрмаган зурриёдидан жудо бўлганлар ҳам учрайди.

Шу сабабли ота-оналар ва жондан азиз фарзандларимизни яна бир бор огоҳликка чақирамиз», дея унинг сўзларини келтирган ССВ матбуот хизмати.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид