Жамият | 17:35 / 24.12.2022
43535
3 дақиқада ўқилади

Блогерга нисбатан бир гуруҳ шахслар томонидан босқинчилик уюштирилди

Youtube’даги «Ko‘zgu» канали муаллифи Абдуқодир Мўминовга 23 декабр тунида бир гуруҳ шахслар ҳужум қилган. Воқеа юзасидан ички ишлар органи томонидан босқинчилик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган

Фото: Видеодан кадр

Воқеа ҳақида блогернинг ўзи ҳужумдан сўнг интернетдаги онлайн чиқишларида сўзлаб берган.

Мўминовга кўра, унга ҳужум қилган шахслар ниқобда, шунингдек, спорт битаси билан «қуролланган» бўлган. Ҳужумда блогер қўли ва бошидан жароҳатланган, унга тегишли «Cobalt» автомобилининг ойналари эса синдирилган.

«Ҳозиргина юзига ниқоб таққан бир неча номаълум шахслар уйим яқинида мени дўппослаб кетди. Машинамни ҳам уриб, ойналарини синдиришди. Мен буни дарров сездим ва машинамда қочишга муваффақ бўлдим. Адашмасам, улар беш киши эди. Ўзбекистонда «кўча қонунлари» ишлайдиган бўляпти шекилли», — деган блогер.

Абдуқодир Мўминов ҳужумни ўзининг ҳаётига суиқасд сифатида баҳолаган. У шунингдек, ҳужум ҳақида ички ишлар органларига қилган қўнғироғидан кейин етиб келган тезкор ходимлар унинг автомашинаси видеорегистраторидаги USB флеш-дискини расмийлаштирмасдан, ўзининг розилигисиз олиб кетишгани бўйича норозилигини билдирган.

Ушбу воқеа юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати бугун маълумот тарқатди.

Унда айтилишича, ҳолат юзасидан айни пайтда Жиноят кодексининг 164-моддаси («босқинчилик») билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Ижтимоий тармоқларда Абдуқодир Мўминовнинг видеомурожаати тарқалиб, унда бир нечта номаълум шахслар унга тан жароҳати етказгани ва автомашинасига шикаст етказишганини маълум қилган. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Жорий йилнинг 23 декабр куни тахминан соат 22:30 ларда фуқаро А.Мўминов «102» рақамига қўнғироқ қилиб, Яшнобод туманида номаълум шахслар уни уриб, тан жароҳати етказиб, унга тегишли бўлган «Samsung S21 Ultra» русумли уяли алоқа воситасини олиб кетишганини, шунингдек, унинг автомашинасига қаттиқ жисм билан уриб шикаст етказишганини маълум қилган.

Мазкур хабар асосида воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи чиқиб, барча зарурий тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилган ва холислар иштирокида воқеа жойидан 5 хил қўлга оид бармоқ изи ва 1 дона бейсбол битаси далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган. Шунингдек, фуқаро А.Мўминовдан бир дона флешкадаги видеоёзувлар текшириб кўриш учун процессуал тартибда олинган.

Қайд этилган ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларига киришилган. Тошкет шаҳар ИИББ раҳбариятининг топшириғига кўра, ушбу жиноятни фош этиш мақсадида малакали ходимлардан иборат тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан барча зарур тергов ва тезкор-қидирув ҳаракатлари ўтказилмоқда», — дейилади бошқарма матбуот хизмати муносабатида.

Мавзуга оид