Хайрулло Муҳаммедов шашликчилар сулоласининг энг кекса вакили. 61 ёшли отахон 12 ёшидан бери шашлик пиширади. Унинг катта боболари, амакилари, ўғиллари ҳам шу ишнинг ҳадисини олган кишилар. Ҳозир шашликчилар сафи кенгайиб, набиралари ҳам шу ҳунарга қизиқа бошлаяпти. Унинг айтишича, бу ҳунар уларга қондан ўтади.

«Катта боболаримиз амирлар даврида ҳам шашалик пиширган. Отам мени ёки мен ўғилларимни бу ҳунарни қилишга мажбурламаганмиз. Кичиклигимиздан шу муҳит ичида юриб, меҳримиз тушган. Ўзим ҳам мактабдан қочиб келиб, шашлик пиширишга қизиққанман, мактабда ўқимаган бўлсам ҳам Аллоҳдан хафа эмасман. Чунки ҳамма ҳам илмли бўлолмайди, кимдир касб ўрганади. Кимдир олим, кимдир шифокор, кимдир милиционер, биз эса шу ишнинг нонини еб катта бўлганмиз», — дейди Хайрулла бобо.
Шашлик пишириладиган чойхонани ҳам отаси номига «Юсуфустозода» деб қўйишган. Бу ердан хўрандалар оёғи узилмайди. Чойхонада сўрилар қилиб қўйилган, беданалар овози билан ҳақиқий ўтган асрлар нафаси сезилиб туради. Шунинг учунми, бу кабобларнинг хўрандалари фақат ўзбекистонликлар эмас. Хайрулло бобо хонадонига хориждан ҳам меҳмонлар келади. Шашликни сайёҳлар кўз ўнгида пишириб кўрсатишади. Хорижликлар орасида қизиқадиганлар бўлса, биргалашиб тайёрлашади.


«Шу билан туманимизга кўпроқ туристларни жалб қилишни истаймиз», — дейди кабобпаз.
Хайрулло бобо пиширадиган шашлик турлари 20 хилдан ортиқ. Бу ҳақда унинг ўғли, сулоланинг 5-авлоди Ҳабибулло Юсупов гапириб берди.

«Бу ерда қўй гўшти, жигардан, гўштнинг лаҳм жойидан, қовурғалардан кабоблар бор. Шунингдек, рулет, наполеон, семечка шашлик, сабзавотли шашлик каби бир неча турларини ҳам тайёрлаймиз. Мижоз истагига қараб, пишириб бераверамиз», — дейди Ҳабибулло.
Хайрулло бободан шашлик бундай мазали чиқишининг сири нимада экани ҳақида сўрадик. Шашликпаз эса «ҳалоллик» деб жавоб берди.





















