Туркия ва унга туташ қатор ҳудудлар 14-асрдан 20-асргача Усмонийлар империяси назоратида бўлган. Бу давр мобайнида усмоний султонлар аввалига (1460 йилдан 1856 йилгача) Истанбул (Константинопол)даги “Тўпкапи” саройида, 19-аср ўрталаридан эса “Дўлмабоғча” саройида яшаб фаолият юритган.

Истанбулнинг Европа қисмида жойлашган “Дўлмабоғча” саройи – 1842–1853 йиллар давомида Султон Абдулмажид даврида қурилган. У 14,5 минг квадрат метр майдонга эга бўлиб, Туркиядаги энг йирик моноблок сарой ҳисобланади.

1924 йилга қадар саройда Усмонлиларнинг 6 нафар султони ва охирги халифаси яшаган. Шунингдек, саройдан Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатурк ҳам 4 йил давомида фойдаланган. Кейинроқ, 1938 йилда Отатурк шу саройда вафот этган.

“Дўлмабоғча” саройи 1949 йилга қадар Туркия жумҳурияти етакчилари учун резиденция вазифасини ўтаган. Шундан кейин бир неча марта музей сифатида очилиб, ёпилган. 1984 йилдан бошлаб “Дўлмабоғча” тўлиқ сарой-музей сифатида ўзидаги асл жиҳозлари билан жамоатчилик учун очилган.

Босфор бўғози бўйида жойлашган сарой маҳобатли бўлиб, 3 та йирик қисмга бўлинган. Султонлар давлат иши билан шуғулланадиган – Маъмурий қисм, султоннинг оиласи яшайдиган – Ҳарам. Бу икки қисм орасида катта тантаналар зали бўлиб, у ерда султон меҳмонларини қабул қилган.

Фото: Туркия Миллий саройлар дирексияси
Фото: Туркия Миллий саройлар дирексияси