Таълим масалалари бўйича эксперт, собиқ “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши раиси Баҳодир Ғаниев Kun.uz’га берган интервюсида ҳукумат таркибида ўзгаришлар кузатилганига қарамай унда нега “янги юзлар” йўқлиги, мамлакатда профессионал бошқарув синфи шаклланмаётгани — кадрлар муаммоси ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.
Баҳодир Ғаниевга кўра, у охирги олти йилда мамлакат кадр сиёсатида тубдан ўзгариш бўлишини кутган.
“Кутгандим, профессионал кадр хизмати чиқишини, “Давлат хизматчиси тўғрисида”ги қонун вақтлироқ қабул қилинишини, давлат хизматчилари бўйича тизим жорий қилинишини, давлат хизмати учун кадр тайёрловчи бир-иккита муассасалар халқаро стандартда ишлайдиган муассасаларга айлантирилишини. Чунки буларнинг ўрни жуда катта.
Бизда давлат бошқаруви учун кадр тайёрлайдиган муассасалар йўқ. Ҳатто яқин-яқингача олий таълимда ҳам давлат бошқаруви йўналиши йўқ эди. Оддий мисол, ривожланган давлатлардаги ҳар битта университетда давлат бошқаруви йўналишлари бор. Шунингдек, бу университетларда соҳалар бўйича ихтисослашган тарзда кадр тайёрланади. Масалан, соғлиқни сақлаш, иқтисод бўйича. Демоқчиманки, профессионал давлат бошқаруви бўлиши учун аввало унга кадр тайёрловчи муассасалар бўлиши керак”, – дея ўзининг кутганлари ҳали амалга ошмаётгани ҳақида гапирди Ғаниев.
У, шунингдек, ҳукуматдаги сўнгги ўзгаришлар давомида вазирликларга қўйилган кадрлар ўзи учун янгилик бўлмаганини айтади.
“Бунда янги таркиб йўқ. Бу ерда кўча тилида айтадиган бўлсак, шашка ўйнаб қўя қолишди. Ўзгаришларда янги таркиб бўлса, ўша соҳанинг ичидан чиққан янги юзлар бўлиши керак эди. Биз бу таркибда янги юзлардан Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровани кўряпмиз, лекин у ҳам давлат тизимига айланган. Президент ижод ва ихтисослашган мактаблар агентлигини бошқарган. Хуллас, таълимда юрган одам. Лекин қолган ҳамма юзлар ўша-ўша юзлар-да.
Менда шундай тушунча пайдо бўляптики, давлат раҳбари ё ўз кадр хизматига ишонмайди ёки бу хизмат кадр топиш вазифасини умуман бажармаяпти. Ҳозир кадрлар давлат раҳбари шахсан ўзи ишини кўрган, ишлашини биламан, тортиб кетса керак, дея умид билдирганига қараб қўйиляпти.
Бу вазифаларга қандайдир катта танловлар орқали ўтилмаяпти. Бу хизматнинг бошқа хизматлари ҳам бор, лекин айнан раҳбар кадрларни тайёрлаш ва етарли миқдорда таъминлаш вазифасини мутлақо бажармаяпти. Чунки ўша жойларга қўйилаётган шахслар ичида янги шахслар умуман йўқ.
















