Бир вақтлар Украинадан ёрдам олган Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили ҳозирги Грузия ҳукуматини Украинага нисбатан нодўстона ҳаракатлари учун аллақачон қоралади.
Украинанинг Грузиядаги муваққат ишлари вакили Андрей Касяновнинг 9 январ куни (2022 йил мартидан бери Украинанинг Грузияда элчиси йўқ), маълум қилишича, Киев Тбилисидан 2008 йилги уруш олдидан берилган ўзининг «Бук» тизимларини қайтаришни сўраган.
Украина сўровига АҚШ томонидан Грузияга берилган Javelin танкка қарши тизимлари ҳам киритилган. «Вашингтон нафақат бу мажмуаларни Киевга топширишга розилик берди, балки Грузияга уларни янада замонавийроқ қуролларга алмаштиришни таклиф қилди», дейди Касьянов.
Украиналик дипломат Грузия ҳукумати Украинага қурол-яроғ билан ёрдам беришни «қатъиян рад этгани»дан шикоят қилган.
10 январ куни Грузия мудофаа вазирлиги Украинага қурол-яроғ етказиб беришни режалаштирмаётганини тасдиқловчи баёнот берди. Вазирликнинг қўшимча қилишича, гап фақат битта «Бук» тизими ҳақида бормоқда ва бу тизимни Украина Грузияга шунчаки бермаган, балки бир неча миллион долларлик шартнома асосида сотган.
Вазирлик шунингдек, Грузия 2017 йилда АҚШнинг танкка қарши Javelin тизимлари учун ўн миллионлаб доллар тўлаганини таъкидлаган.
«Грузия ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда Украинага инсонпарварлик ва сиёсий ёрдам кўрсатишда давом эттиради», — дейилади мудофаа вазирлиги баёнотида.
«Бук» можароси
Ўша даврдаги Украина ҳукуматининг расмий ҳисоботларига кўра, 2008 йилнинг 27 майидан 8 августигача Грузияга турли қуроллар, шу жумладан битта «Бук-М1» зенит-ракета мажмуаси етказиб берилган.
Кейинчалик Олий рада Украина ҳарбий техникасининг Грузияга етказиб берилишини текширди ва тергов комиссиясининг 2008 йил декабр ойидаги ҳисоботида айтилишича, қуроллар жаҳон бозорида белгиланган нархлардан анча паст нархларда етказиб берилган.
Хусусан, «Бук-М1» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Грузияга атиги 20 миллион долларга сотилган, Покистон эса худди шу вақтда тизим учун 100 миллион доллар таклиф қилган.
Кейинчалик, 2019 йилда ушбу шартнома «Украина қуролли кучларининг жанговар тайёргарлиги, самарадорлиги ва давлат мудофаа қобилиятининг пасайишига олиб келган давлатга хиёнат, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани талон-торож қилиш» иши доирасида қайтадан тафтиш қилинди.


















