Ўзбекистон | 16:10 / 11.01.2023
3393
3 дақиқада ўқилади

Президент танқидидан сўнг давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни «электрон танлаш» тизими ишга туширилмоқда

Тизим “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилиниб, тегишли процессуал қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилганидан сўнг ишга туширилиши кутилмоқда. Адлия вазирлиги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Сенатида кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Фото: AP

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш имконияти яратилмоқда. Мазкур адвокатларни ишга жалб этиш инсон омилисиз “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали тасодифий танланади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатган адвокатлар ҳақидаги маълумотлар очиқ ва шаффоф ҳолда “Юридик ёрдам” ахборот тизимида эълон қилинади. Янги электрон танлаш тизими “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилиниб, тегишли процессуал қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилганидан сўнг ишга туширилади.

Адлия вазирлигига кўра, бугунги кунда қонун лойиҳаси Олий Мажлис Сенатида кўриб чиқилмоқда. Ушбу лойиҳа билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари яратилади.

Таъкидлаш керакки, амалда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиши учун адвокат фақат жиноят ишлари бўйича суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан жалб этилади. Бу эса жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлиб келмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 декабрда парламентга йўллаган мурожаатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозим эканини таъкидлаганди.

“Нима учун, ҳалигача давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни “электрон танлаш” тизими ишга тушмади? Ким бунга қарши?” – дея савол қўйганди президент ва масъулларга тез кунларда ушбу тизимнинг тўлиқ ишга туширилишини таъминлашни топширганди.

Давлат раҳбари ўз маърузасида қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилиши, унга кўра, судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилиниши, айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинишини таъкидлаганди.

 

Жамшид Ниёзов
Муаллиф Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид