Тошкентдаги “Minerva city” ва “Lake city” лойиҳалари инвестори – “MJ Developers” компанияси асосчиси Мурари Лал Жалан олдинроқ Kun.uz'га интервью бериб, лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган ҳудуднинг олиб қўйилишини Тошкент шаҳар ҳокимининг талабини бажармагани билан боғлаганди. Шаҳар ҳокимлиги бунга муносабат билдириб, унинг сўзларини давлат хизматчисини обрўсизлантириш деб ҳисоблаши ва Бош прокуратурага мурожаат қилинишини маълум қилганди.
Ҳинд инвестори устидан киритилган шикоят бўйича Бош прокуратура ўтказган текширув давом этмоқда. Kun.uz мухбири “MJ Developers” компанияси билан боғланиб, текширув жараёни ҳақида суҳбатлашди.
Мухбир саволларига “MJ Developers” компанияси менежери Беруний Алимов жавоб берди.
— 28 ноябрда Kun.uz'да “Minerva city” лойиҳасининг инвестори билан суҳбат эълон қилинди. Айтинг-чи, кўплаб шов-шувларга сабаб бўлган мазкур интервью “MJ Developers” компанияси ва унинг раҳбари Мурари Лал Жаланнинг Ўзбекистондаги фаолияти, амалга ошираётган ва ошмаётган лойиҳаларига таъсир қилдими?
— “MJ Developers” компаниясининг асосчиси Мурари Лал Жалан берган интервью нафақат Ўзбекистон, балки хориждаги жамоатчилик вакиллари, қолаверса, ишбилармон доираларининг диққат-марказида бўлди.
Интервьюда кўтарилган компаниянинг Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ қатор мураккаб масалалар таниқли иқтисодчи экспертларнинг ва ҳуқуқшуносларнинг ҳам турли хил муносабатларига сабаб бўлди. Ва ўша интервьюда таъкидланганидек, Бухоро ва Наманган вилоятидаги лойиҳалар ҳеч қандай тўсиқларсиз давом этмоқда. Фақатгина, ҳаммамизга маълумки, Тошкентдаги иккита лойиҳа – “Minerva city” ва “Lake city” тўхтаб қолган.
— Тошкент шаҳар ҳокимияти интервьюни “давлат хизматчисини обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракат” дея баҳолади. Бу бўйича Бош прокуратурага шикоят киритилди. Прокуратурадаги текшириш жараёнлари қандай кечди? Улар нималарни текширишди ва текширув натижаси нима билан тугади?
— Дарҳақиқат, интервьюдан кейин Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан Бош прокуратурага мурожаат қилинганди. Бундай вазиятда кўпчиликнинг хаёлига бир нарса келганди: энди инвесторга босим ўтказилади. Яъни компания фаолияти билан боғлиқ турли камчилик ва нуқсонларни излаш, хусусан, инвесторга нисбатан текширувлар, турли қидирув ишлари бошланади, қандайдир айбловлар қўйилади, компания босим остида қолади, деган хавотирли ўй-фикрлар юзага келди. Албатта, бу каби фикрлар нафақат Kun.uz ўқувчиларида, балки кенг жамоатчилик вакилларида, компания раҳбарияти ва ишчиларида ҳам кузатила бошланган эди.







