2022 йил март ойи бошида Украина хавфсизлик хизмати ходимлари собиқ банкир ва Россия билан музокараларнинг биринчи раунди иштирокчиси Денис Киреевни ўлдиришади. Аввалига уни давлатга хиёнатда гумон қилиб қўлга олиш чоғида отиб ўлдиришгани хабар қилинади. Кейинроқ Киреев Украина разведка бош бошқармаси учун ишлагани ва «англашилмовчилик» туфайли ўлдирилгани маълум бўлади. Уни ҳарбий иззат-икром билан дафн этишади, президент Володимир Зеленский эса Киреевни вафотидан кейин «давлат суверенитети ва давлат хавфсизлигини ҳимоя қилишдаги алоҳида хизматлари учун» ордени билан тақдирлайди. Украина разведкаси бошлиғи Кирилл Буданов The Wall Street Journal нашрига Россия босқини арафасида Киреев томонидан етказилган маълумот Киевни сақлаб қолишга имкон бергани ҳақида гапирди.

Денис Киреев кўп йиллар давомида Россиядаги бизнесменлар билан яқин алоқаларда бўлган.

Денис Киреев — украиналик банкир. У ўз фаолиятини 2000-йилларда бошлаган Credit Lyonnais, Citibank ва ING каби ғарб банкларининг маҳаллий филиалларида ишлаган. The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, Киреев 2003 йилда, унинг қариндошларидан бири Украина Хавфсизлик хизмати бошлиғи ўринбосарига айланганида жосусликка қизиқиб қолади.

Банклардаги бир неча йиллик фаолиятидан кейин Киреев Донецк областидан бўлган ака-ука бизнесменлар, кейинчалик Украина президентига айланган Виктор Януковичнинг яқин кишилари бўлган Андрей ва Сергей Клюев билан ҳамкорлик қила бошлайди. Андрей Клюев Януковичнинг президентлик йилларида Украинанинг биринчи вице-премьери (2010-2012 йиллар), Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби (2012-2014 йиллар) бўлади. Худди шу даврда Киреев «Укрэксимбанк»нинг кузатув кенгаши аъзоси ва Украина Давлат жамғарма банки бошқарув раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлайди.

2014 йилда Янукович ҳокимиятдан четлаштирилгач, ака-ука Клюевлар Украинани тарк этишади. The Wall Street Journal Киреевнинг ҳамкасбларига таяниб, у ўшанда Клюевларга ўз активларини мамлакатдан олиб чиқишга кўмаклашганини ёзади. Ўшанда банкирда Россия бизнеси ва махсус хизматлари билан алоқалар пайдо бўлган.

2021 йил баҳорида, Россия ўз қўшинларини Украина чегараси яқинига олиб кела бошлаганида Украина Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов Киреевни штабга чақиради. Шу ерда у банкирга Украина разведкаси учун ишлашни таклиф қилади. «Унда керакли танишлар доираси бор эди. Молиявий операциялар у орқали ўтган, шунинг учун у ҳамма билан, жумладан жуда нуфузли одамлар билан алоқада бўлган», — дея тушунтиради газета билан суҳбатда Буданов.