Сенатор Флавиу Болсонару президентлик сайловидаги мағлубиятидан сўнг Бразилиядан АҚШга жўнади, деб хабар берди Reuters агентлигига унинг сафдоши.
Болсонару оиласига яқин манбаларнинг CNN Brasil’га маълум қилишича, у рафиқаси ва икки қизи билан АҚШга кетган.
Болсонарунинг жўнаб кетишига Олий суд судьяси Александр де Мораеш унинг паспортларини олиб қўйишни буюрганидан кейин юзага келган «ҳибсга олиниш қўрқуви» сабаб бўлган, деб ёзди CNN Brasil.
Аввалроқ Аргентинанинг Infobae нашри Болсонару мамлакатдан чиқиб кетган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Нашрнинг тахминига кўра, сенатор чегарани ички шахсни тасдиқловчи гувоҳнома билан кесиб ўтиб, сўнгра Аргентинанинг Пуэрто-Игуасу шаҳридан Baires Fly компаниясининг Gulfstream G400 хусусий самолётида АҚШга учиб кетган бўлиши мумкин.
Ушбу хабарлардан сўнг Бразилия федерал полицияси чегара пунктлари ва авиарейсларни текшира бошлади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, сенатор расмий миграция назорати пунктларидан ўтмаган. Терговчилар чегарани бундай пунктлардан четлаб ўтиш эҳтимолини ўрганиб, камера ёзувлари ва чегараолди ҳудуддаги ҳаракатланишлар ҳақидаги маълумотларни текширди. Шунингдек, Бразилия Адлия вазирлиги ва федерал полицияси Аргентина расмийларига мурожаат қилиб, сенатор мамлакатдан чиқиб кетган бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди, деб хабар берди Gazeta do Povo.
Бразилияда президентлик сайловининг иккинчи тури 25 октябрь куни бўлиб ўтди. Унда амалдаги давлат раҳбари Луис Инасиу Лула да Силва ғалаба қозонди. Болсонару мағлубиятини тан олмади: унинг фикрича, расмийларнинг овоз бериш вақтини узайтириш ҳақидаги қарори бир қатор қонунбузарликларни келтириб чиқарган.













