09:56 / 20.01.2023
17097

Совуқ билан курашаётган ҳайвонлар. Уларга ғамхўрлик қилинмоқда 

Қалин қор ва қаттиқ совуқ ҳайвонот оламига ҳам жиддий хавф солди: баланд тоғларда ва чўл ҳудудларида яшовчи ёввойи ҳайвонлар учун емиш топиш мушкуллашди. Уларни асраб қолиш мақсадида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларда озуқалар қўйиб чиқилмоқда.

Совуқ ҳаво ёввойи ҳайвонларга ҳам таъсир қилди. Қалин қор остидан емиш топиш уларга қийинчилик туғдирмоқда. Бундай пайтда уларни асраб қолиш муҳим ҳисобланади. Шу сабабли республика бўйлаб биотехник тадбирлар ўтказилмоқда. Муҳофаза этиладиган ҳудудларда ёввойи ҳайвонлар учун озуқалар қўйиб чиқиляпти. Жумладан, қушларга дон, бошқа турдаги ҳайвонларга ем ва хашак берилмоқда. Сувлоқлар ҳам ҳайвонлар келиб сув ичиши учун ҳар куни муздан тозаланяпти.

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги
Фото: Табиат ресурслари вазирлиги

Муҳофаза этиладиган ҳар бир табиий ҳудудда ўзига хос ҳайвонот турлари мавжуд. Уларни совуқлардан талафотсиз олиб чиқиш мақсадида биотехник тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада бизга маҳаллий ҳокимликлар ҳам ёрдам бермоқда.

Ҳар бир қўриқхонада инспекторлар, илмий ходимлар фаолият олиб боради. Улар ҳайвонлар тўпланадиган, озиқланадиган, сув ичадиган жойларни билишди. Ҳозирда ўша жойларга озуқалар қўйиб чиқилмоқда. Албатта, бу анча машаққатли иш. Сабаби баланд тоғ тизмаларига чиқиб, озуқа сочиб келишнинг ўзи бўлмайди”, — дейди Табиат ресурслари вазирлиги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бошқармаси бошлиғи Халилулла Шеримбетов. 

Халилулла Шеримбетов / Фото: Табиат ресурслари вазирлиги

Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ёввойи ҳайвонлар учун 100 тонна ем захира қилинган. 170 тоннадан ортиқ хашак, 7 000 дона беда ва сомон пресслари ҳам жамғарилган.

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги
Фото: Табиат ресурслари вазирлиги

Биотехник тадбирлар ҳаво ҳароратига қараб феврал ойида ҳам давом этиши мумкин.

Top