20 январ куни АҚШнинг Германиядаги Рамштейн авиабазасида НАТOга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласи бўйича навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Киевнинг Россияга қарши урушдаги энг йирик донорлари янги ёрдам пакетларини (АҚШдан 2,5 миллиард долларлик, Германиядан эса бир миллиард евролик қурол-яроғ) эълон қилган бўлса-да, томонлар рамзий аҳамият касб эта бошлаган асосий масала бўйича келишувга эриша олмади. Бу Германиянинг Leopard-2 танкларини Украинага етказиб бериш масаласи.

Германия ҳукумати ҳали ҳам на ўз танкларини юбориш, на бошқа давлатларнинг Leopard’ларни юборишига рухсат бериш бўйича қарор қабул қилгани йўқ. Рамштейндаги йиғилишдан сўнг Германия мудофаа вазирлигининг янги раҳбари Борис Писториус Германия бу қарорга тўсқинлик қилаётган ягона мамлакат деган тахминни нотўғри деб атади ва ҳамкорлар ҳам бу борада ҳали умумий фикрга эга эмаслигини маълум қилди.

Матбуотда, агар АҚШ ўзининг Abrams русумли танкларини Украинага топширса, Германия ҳам Leopard’ларни етказиб беришни тасдиқлаши ҳақида миш-мишлар фаол равишда тарқалган. Аммо Германия ҳукумати вакиллари буни рад этмоқда. Гарчи баъзи америкалик сиёсатчилар ҳеч бўлмаса битта Abrams танкини Украинага юбориш АҚШ ташаббусини кутаётган Берлиннинг қўлини ечиб юборишини очиқча айтаётган бўлса-да, Пентагон ўз ёрдам пакетига танкларни киритмади.

Германия расмийлари, агар учинчи давлатлар Киевга Leopard-2 танкларини етказиб беришга қарор қилса, уларнинг қарорига аралашмаслиги ҳақида аниқ тушунча берди. Буларнинг барчаси Европа Украинани Германия ва унинг танкларисиз «кичик коалиция» билан қўллаб-қувватлашга тайёрлиги ҳақидаги баёнотлари фонида рўй берди.

АҚШнинг энг йирик нашрлари бўлмиш The Wall Street Journal ва The New York Times Германия ҳозирда қандай вазиятга тушиб қолгани ҳақида мақола ёзди.

WSJ: «Россия энергия урушида мағлуб бўлмоқда. ‘Генерал Қиш’ дезертирлик қилди»

Leopard-2’ни Украинага етказиб беришнинг қанчалик мақсадга мувофиқлиги ҳарбий экспертлар ўртасида саволлар туғдирмоқда, бироқ бу танклар Европа Россия билан урушда Украинани қўллаб-қувватлашга қанчалик жиддий тайёр эканлигининг сиёсий рамзига айланди.

Европалик ҳамкорлар Германиянинг Киевни қуроллантириш борасидаги эҳтиёткорона ёндашувидан ғазабда, бу ҳам ички сиёсатни, ҳам можаронинг ядро қуролини қўллашгача боришидан хавотирни акс эттиради. Иттифоқчилар қиш охиригача юз бериши мумкин бўлган Москва ва Киевнинг эҳтимолий ҳужуми олдидан Украинани тезроқ қуроллантирмоқчи.