Японлар узоқ умр кўриши ҳақида биламиз. Лекин мамлакатнинг бир ҳудуди – Окинава ҳатто Япониянинг ўзида аҳолисининг узоқ яшаши билан ажралиб туради. Окинавани “узоқ умр кўрувчилар ороли” деб ҳам аташади.

2019 йил маълумотига кўра, Окинавада ҳар 100 минг аҳолига 68 нафар 100 ёшдан ошган одам тўғри келган. Ҳудудда аҳолининг 100 дан ошиши имкони бутун Японияникидан 40 фоизга юқорироқ.

Бу қандай ҳудуд?

Окинава Япония префектураларидан бири ҳисобланади. Ҳудуд 160 та аҳоли яшайдиган ва яшамайдиган ороллар йиғиндисидан иборат. Ҳудуди 2 минг кв метр бўлган префектурада 1,4 млнга яқин одам яшайди.

Фото: Shutterstock

Окинавада йил бўйи илиқ ва мўътадил об-ҳаво ҳукмронлик қилади. Июлда, ҳатто энг иссиқ ойларда ҳам ҳарорат 29 даража атрофида, камдан кам ҳолатда эса 35 даражагача чиқади. Қишда эса ҳарорат 17 даража атрофида бўлади. Орол ўзига хосликлари билан сайёҳлар эътиборини тортиб келади.

Фото: AP

Ажойиб қишлоқ

National Geographic нашри нима сабабдан оролликларнинг узоқ умр кўриши ҳақида ҳикоя қилади.

Окинаванинг асосий оролидан шимолда жойлашган Огими қишлоғида қуйидаги ёзувларни учратиш мумкин: “Агар 80 ёш бўлсангиз – сиз ҳали ёшсиз. Агар 90 ёшда аждодларингиз сизни у дунёга чорлаётган бўлса, уларга айтинг, 100 ёшга киргунингизча кутиб туришсин. 100 ёшда ўлим ҳақида ўйлаб кўрсангиз бўлади”.