Бишкекда Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари иштирокида кенгайтирилган таркибдаги йиғилиш бўлиб ўтди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев чегара масаласи ҳал қилинишидаги саъй-ҳаракатлари учун Қирғизистон раҳбарига миннатдорчилик билдирди.

«Биз ҳар бир масалани ҳар томонлама пухта, шошилмасдан кўриб чиқдик. Ва бизда энди ҳеч қандай муаммоли саволлар  йўқ.

Қирғизистон ва Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йили давомида тарихда биринчи марта бундай даражадаги муносабатларга эришди. Ҳамкасбим Садир Нургожаевичга шахсан қўллаб-қувватлагани учун алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. 

Чегара масалаларида ҳам унинг сиёсий иродаси бўлмаганида, натижага эришмаган бўлардик. Худди аввалгидек: «Ҳа, қиламиз, лекин эртага ва индинга...» дейиш мумкин эди. Аммо «эртага» дейиш билан 30 йил ўтди ва биз бу масалаларни ҳал қилганимиз йўқ. Шунинг учун, айниқса, Қирғизистон президентига яна бир бор ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман», деди Ўзбекистон раҳбари.

Шундан сўнг икки мамлакат делегациялари раҳбарлари, ҳукумат вакиллари иштирокида ҳужжатларни алмашиш маросими ўтказилди.

Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида алмашинилган икки томонлама ҳужжатлар:
 
1. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисида Декларация;
 
2. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартноманинг ратификация ёрлиқларини алмашиш тўғрисида Баённома;

3. Ўзбекистон ҳукумати ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ўртасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тўғрисида Битим;

4. 2006 йил 3 октябрда имзоланган Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги Битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Баённома;

5. Ўзбекистон ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Қирғизистон Республикасида автомобил ва тижорат техникаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида Битим;

6. 2017 йил 6 сентябрда имзоланган Ўзбекистон Республикасининг чегараолди вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг чегараолди вилоятларининг ваколатли вакиллари Кенгашини ташкил этиш тўғрисида Англашув меморандумига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Баённома;

7. Ўзбекистон ҳукумати ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ўртасида стратегик савдо-иқтисодий шериклик тўғрисида 2023-2025 йилларга мўлжалланган дастур;