Ўзбекистон | 11:54 / 30.01.2023
108136
2 дақиқада ўқилади

Манба: Мавжуда Мирзаева ҳам «Kompromat иши» доирасида ҳибсга олинган

Журналист Мавжуда Мирзаева икки кундан буён алоқага чиқмаяпти. Бу олдинроқ бошқа бир журналист Хуршид Далиев қўлга олингани билан боғлиқ.

Мавжуда Мирзаева / Фото: АОКА

Собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева «Kompromat иши» доирасида ҳибсга олинган. Бу ҳақда иш тафсилотларидан хабардор манбалар Kun.uz’га хабар берди.

Унга кўра, Мавжуда Мирзаева айни пайтда ДХХ тергов ҳибсхонасида тергов қилинмоқда. Унга нисбатан 10 кунлик ҳибс бўйича суд санкцияси ҳам бор.

Мирзаева ДХХ ҳибсхонасида қолаётгани ҳақидаги маълумотни унинг қизи Зарина Мирзаева ҳам тасдиқлаган. У икки кундан буён онаси билан кўриша олмаган.

«Уйда ёлғизман, икки киши турардик. Онамнинг ҳозирги аҳволидан қаттиқ хавотирдаман. Нега бизга – яқинларига иш бўйича бирор маълумот беришмаяпти. Эшитишимча, ўн кун тергов бўлар экан», – деган у.

Kun.uz манбаларига кўра, ушбу иш доирасида яна бир давлат ташкилотининг матбуот хизмати раҳбари ҳам терговга тортилгани айтилмоқда.

  • Эслатиб ўтамиз, 27 январ куни Human.uz сайти директори Хуршид Далиев, сайт бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ва сайтнинг бошқа ходимлари нашр офисидан олиб кетилганди.
  • ДХХ Хуршид Далиев ва «давлат ташкилотларида ишловчи бошқа шахслар» Telegram'даги Kompromatuzb ва бошқа каналлар орқали содир этилган жиноятларга алоқадорликда гумонланаётганини маълум қилган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
  • Сўнгги маълумотларга кўра, Муслим Мирзажонов ва Human.uz сайтининг яна 4 нафар ходими қўйиб юборилган. 

Мавзуга оид