Жаҳон | 10:57 / 01.02.2023
8573
2 дақиқада ўқилади

Сўнгги ишлаб чиқарилган Boeing 747 лайнери буюртмачига топширилди

Американинг Boeing компанияси буюртмачига сўнгги ишлаб чиқарилган 747 моделидаги лайнерни топширди. Ушбу моделнинг эксплуатацияси 1970 йилда бошланган, узоқ вақт давомида самолёт дунёдаги энг кенг ҳаво кемаси бўлган. 

Фото: Atlas Air

Американинг Boeing авиакомпанияси 31 январь, сешанба куни ўзи ишлаб чиқарган 747-русумдаги сўнгги лайнерини мижоз – Американинг Atlas Air юк авиакомпаниясига топширди. Вашингтон штатидаги Boeing заводида самолётни топшириш маросими концерн сайтида намойиш этилди. Маросимда завод ишчилари, авиация саноати топ-менежерлари ва Ҳолливуд актёри Жон Траволта иштирок этди. 

Заводда охирги, 1574-Boeing 747 2022 йил декабрида йиғилган эди. Унинг корпусида 1960-йилларда ушбу лайнерни ишлаб чиқиш гуруҳини бошқарган муҳандис Жо Саттернинг портрети ва дастхати бор. 

CNN телекомпанияси Lufthansa немис авиакомпанияси бош директори Карстен Шпорнинг сўзларидан иқтибос келтирган: «Boeing 747 - бу жуда кўп нарсаларнинг тимсоли ва энг аввало, менимча, бу дунё тимсоли, 747 самолёти уни анча кичрайтирди». 

Фюзелажда ўзига хос «ўркачи» бўлган авиалайнернинг эксплуатацияси 1970 йилда бошланган. Узоқ вақт давомида у дунёдаги энг кенг самолёт бўлиб келди: техникада 600 дан ортиқ йўловчи ўриндиқлари мавжуд. Бундан ташқари, Boeing 747 Америка Қўшма Штатлари президентини олиб юрувчи «Биринчи рақамли борт» вазифасини бажарган ҳамда АҚШнинг Space Shuttle тизими космик кемаларини улар учирилган жойга тантанали тарзда олиб борган.

Сўнгги йилларда 747 моделидан фойдаланиш кўплаб авиакомпаниялар учун харажатли бўлиб қолди, чунки тўрт двигателли авиалайнернинг ёнилғи сарфи анча юқори. Boeing, шунингдек, сўнгги йилларда COVID-19 пандемияси сабаб бўлган йўловчилар оқимининг пасайиши билан ҳисоблашиш кераклигини таъкидлади. Америка компанияси, худди Airbus’даги европалик рақобатчилари сингари, гигантларни алмаштирадиган икки двигателли лайнерларнинг янада ихчам ва тежамкор моделларини ишлаб чиқди. 

Мавзуга оид