Узоқ давом этган сериал: «Торино»дан «Лилль»гача

«Специя» клуби душанба куни «Рома»дан Элдор Шомуродовни трансфер қилгани ҳақида эълон қилди ва уни А Серияда рўйхатдан ўтказди. Лигурияликлар ўзбек футболчисини сотиб олиш шартисиз 1,5 миллион евро эвазига мавсум охиригача ижарага олган. У янги клубида ҳам 14-рақамни танлади.

Sky Sports хабарига кўра, «Рома» бош директори Тьяго Пинто Элдорга асосий даъвогар бўлган «Торино» техник директори Давиде Вагнати билан Миланда учрашган, аммо Турин клуби раҳбарияти Шомуродов бўйича ўз позициясини ўзгартирмаган – сотиб олиш шартисиз ярим мавсум учун 1 миллион евро таклиф қилинган.

Фото: Getty Images

Инсайдер Ди Марцио хабарига кўра, Элдор Италия А Сериясидан Франция чемпионатига кўчиб ўтиши ҳам мумкин эди. Ўзбекистонлик ҳужумчининг трансфери бўйича Рим клуби «Лилль»дан таклиф олган. Паулу Фонсека мураббийлигидаги французлар форвардни 10 миллион еврога сотиб олиш шарти билан ижарага олишга тайёр эди. Аммо Шомуродовнинг ўзи Италияда қолишни афзал билган.

Унинг ёзишича, ўзбекистонлик 27 ёшли ҳужумчи ҳозиргача хориж клубларидан тушган 3та клуб таклифини рад этган. Булар – Франциянинг «Лилль», Испаниянинг «Вальдолид» ва Германиянинг «Байер» клублари экани айтилмоқда. Италияда Элдорни «Специя»дан ташқари, «Кремонезе» ва «Торино» сўнгги паллагача ўз сафига қўшиб олишни истаган. Ўзбекистонлик ҳужумчи ҳам узоқ вақт Турин клубига ўтишни истаган, аммо римликлар бу клуб таклифини қабул қилмагач, «Торино»дан ярим миллион евро кўпроқ таклиф қилган «Специя» танловига тўхтаган. 

«Женоа»га қўшни бўлган шаҳар номи билан аталувчи клуб

Шу ўринда Италиянинг Специя шаҳри ва унинг номи билан аталмиш клуби ҳақида қисқача маълумот берсак. «Специя» кўп жиҳатдан Элдорнинг собиқ клуби «Женоа»га ўхшаш жамоа. Специя – Лигурия денгизи қирғоғидаги шаҳар бўлиб, аҳолиси 100 минг кишига яқин.

Фото: Reuters

Генуядан 100 километр узоқликдаги ушбу шаҳар жамоаси 1906 йилда ташкил топган бўлиб, ўз тарихида катта ютуқларга эришмаган. Клубнинг уй стадиони «Альберто Пикко» ўйингоҳи саналиб, 10 минг томошабин сиғимига эга.