Қамров ошгани-ку, яхши, лекин ундаги кўтарилиш сифат масаласига қандай таъсир қилади, меҳнат бозоримиз-чи, у бугунги қамров талаблари, етишиб келаётган кадрлар кўрсаткичига жавоб берадими, тайёрми?
Kun.uz мухбири олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Комилжон Каримовга шу каби саволлар билан юзланди.
— Кейинги йилларда олий таълимда қамровнинг ошиб бораётганига эътибор қаратсак. 2015 йилда 9 фоизни ташкил қилган бўлса, ҳозирда 35-40 фоиз ўртасида. Айрим хорижий давлатларда бу кўрсаткич 80-90 фоиз атрофида, бизда ҳам режалар бор. Умуман, олий таълим қамрови қанча бўлиши керак Ўзбекистон шароитида?
— Барча соҳалар каби олий таълимда ҳам аниқ дастурлар асосида ислоҳотлар амалга ошириляпти. Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинган. Айнан шунда тизим ривожланиши белгиланган ва аниқ мақсадлар қўйилган.
Олий таълим фақатгина меҳнат бозоридаги имконият эмас. Бутун дунёда олий таълим «ижтимоий лифт» вазифасини бажаради. Кам таъминланган аҳолининг катта қисми айнан олий таълим олмаганлар бўлади, яъни олий таълим имконият очади ҳар томонлама. Аҳолимизнинг ярмини ёшлар ташкил қилади, шунинг учун ҳам таълим масаласи муҳим. Ҳозирда 209 та олий таълим муассасалари бўлса, уларда бир миллиондан ортиқ талабалар ўқияпти. Илгари бор-йўғи 250 минг талаба бўлган.
— Хорижий ОТМ филиаллари очилиши, хусусий ва янги давлат олий таълим муассасалари очилиши эвазига қамров ошиб боряпти. Бундан кейин ҳам шу тарзда давом этадими?
— 2017 йилда республикамизда 77 та олий таълим муассасалари бўлган ва булар ичида деярли нодавлат ОТМ бўлмаган. 209 та ОТМдан 114 таси давлат олий таълим муассасалари бўлса, 65 таси нодавлат ва қолган 30 таси хорижий ОТМ филиали. Бунда энг катта ўсиш нодавлат олий таълим муассасаларига тўғри келади. Бундан мақсад – рақобатни ривожлантириш. Хусусий секторларнинг жалб қилиниши янгича ёндашувларнинг ҳам кириб келишига сабаб бўляпти.
Президентимиз томонидан ҳар бир вилоятда камида биттадан нодавлат ОТМ ташкил этиш вазифаси қўйилган ва жараён жадал давом этмоқда. Жорий йилда ҳам янги муассасалар очилади.
— Қамров ошиб бораётган бир пайтда битирувчиларнинг меҳнат бозорида ўрнини топиш масаласи ҳам долзарблигича қолади. Бу борада нима қилиш керак? ОТМ фақатгина билим бериш билан чекланиб қолмаслиги керакдек...










